Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини қандай муаммолар ўйлантирмоқда?
2019-02-07 | Жамият
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Жамолхон Аъзамов очиқ мулоқот ўтказди. Унда Термиз гарнизони ҳарбий хизматчилари оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ва муаммолари муҳокама қилинди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондонлиги, Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Давлат хизматлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят мактабгача таълим, халқ таълими бошқармалари ва бошқа алоқадор ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Кейинги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириб, ҳарбий қисм ва ҳарбий шаҳарчалар инфратузилмасини тубдан ўзгартириш, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва замонавий шароитлар яратишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Ўтган йили вилоят ҳудуди ва ҳарбий шаҳарчаларда мудофаа қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун қарийб 150 хонадонга мўлжалланган замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 360 дан ортиқ хонадонга мўлжалланган янги уй бунёд этилади. Ҳарбий қисмларда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилаётир. Фарзандлари олий таълим муассасасига ўқишга киришда имтиёзлардан фойдаланмоқда. Бевосита Термиз ҳарбий прокуратураси томонидан ўтган йили 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчининг оила аъзолари ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди.
– Кейинги йилларда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ва саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди, – дейди Жанубий операцион йўналиш бошқаруви гуруҳининг хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Ҳулкар Хуррамова. – Бу борада амалга оширилаётган ишлар тинчлигимиз посбонларининг ўз бурчини аъло даражада бажаришида муҳим ўрин тутади. Вилоятдаги мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур учрашув ҳам ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Учрашувда қайд этилганидек, вилоятда ҳали ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг муаммолари тўлиқ ҳал этилмаган. Жумладан, уларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш, оилавий шароитига кўра хизмат вазифасини бошқа ҳудудга алмаштириш, ипотека кредити олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа муассасаларга ишга жойлашишда ўз ечимини кутаётган масалалар бор.
Очиқ мулоқотда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ана шундай муаммолари тингланиб, уларни биргаликда ҳал этиш йўллари изланди. Масалан, Термиз шаҳрида мактабгача таълим муассасаларида 11 мингдан ортиқ бола тарбияланмоқда. Бироқ вилоят марказида мавжуд мактабгача таълим муассасалари 4 мингдан зиёд болани қабул қилиш қувватига эга. Шу боис, шаҳарда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига тўлиқ қамраб олиш имонияти бўлмаяпти. Бу муаммони ҳал этиш учун янги боғчалар қуриш таклифи билдирилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини турар жой билан таъминлаш, замонавий уй-жой учун ипотека кредитини расмийлаштириш, таълим, тиббиёт муассасаларига ишга жойлашиш, оилавий шароитига кўра турмуш ўртоғининг хизмат вазифасини бошқа ҳудудга алмаштириш каби масалаларда ҳам мурожаат бўлди.
– Оилавий шароитимиз туфайли турмуш ўртоғимнинг хизмат жойини Самарқанд вилоятига ўтказиб беришни сўраган эдик, – дейди уй бекаси Ҳанифа Шодиева. – Учрашувда ушбу масалани раҳбарларга яна бир бор эслатдим. Бу мурожаатим тез кунда ижобий ҳал этилишини эшитиб, хурсанд бўлдим.
Шартнома асосида хизмат қилаётган сержант Ислом Жумаевнинг турмуш ўртоғи Турсунтош Абдиеванинг уй-жой билан боғлиқ мурожаати ҳам қаноатлантирилди.
– Ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи бўлганимдан фахрланаман, – дейди Т.Абдиева. – Қарши шаҳриданмиз. Турмуш ўртоғимнинг шартнома асосида хизмат қилаётганига 15 йил бўлди. Бир ўғил, бир қизни тарбиялаб, улғайтираяпмиз. Хизмат тақозоси билан икки йилдан буён Термиз шаҳрида яшаймиз. Вояга етиб қолган фарзандлар билан ижарада яшаш ўнғайсиз бўлар экан. Шу боис, ўз уйимизга эга бўлишни истаяпмиз. Бу муаммони тинглаган раҳбарлар уни тезроқ ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берди. Бундан мамнун бўлдим.
Учрашувда аксарият мурожаатлар жойида ҳал этилди. Ечими муддат талаб қиладиган мурожаатлар учун масъуллар бириктирилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлигининг ҳарбий хизматчилар оила аъзолари билан очиқ мулоқоти вилоятдаги бошқа ҳарбий қисм ва ҳарбий муассасаларда ҳам бўлиб ўтди.
Холмўмин Маматрайимов, Жамшид Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА