Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Аҳоли бандлигини таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар ҳам фаол бўлиши керак​

2019-02-07 | Жамият

Ўзбекистонда жадал иқтисодий ислоҳотлар кечмоқда. Бу жараённинг муваффақиятини соҳага инновацион тенденциялар жорий этилиши, креатив ғояларнинг амалдаги татбиғи билан изоҳлаш тўғри бўлади. Албатта, иқтисоднинг ривожланиши аҳоли бандлигини таъминлаш, демак турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади. Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар замирида ҳам аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш мақсади мужассам.

Президентимизнинг 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжатга биноан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ташкил этилди. Бу жамғармалар қишлоқларда доимий иш ўринлари ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларини кредитлар билан қўллаб-қувватлаш учун республиканинг тижорат банкларида кредит линиялари очишга ёрдам беради. Ишчи кучи кўп бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, айниқса, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи корхоналар фаолиятини йўлга қўяди. 
 
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадларининг прогноз параметрларини ошириб бажаришдан ҳар ойда тушадиган 40 фоизгача бўлган миқдордаги даромадлар жамғармалар маблағларини шакллантирувчи манбалардан бири этиб белгиланган. 
 
Қарор қабул қилинади, бироқ унинг ижроси таъминланмаса ёки юзаки ёндашилса асл мақсадга эришиб бўлмаслигини яхши биламиз. Шу маънода ҳудудлардаги айрим раҳбарларимиз сусткашликка йўл қўяётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Қайси вилоятда аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси баланд бўлса, ўша ҳудудда белгиланган вазифалар ўта сусткашлик билан ижро этилаётганини кузатиш мумкин. Фикримизни мисол билан давом эттирамиз. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари прогноз кўрсаткичларини ошириб бажарган бўлса-да, шу пайтга қадар қарорда белгиланган мавжуд тушумлардан 40 фоизли маблағ ҳудудий жамғармаларга ҳозиргача тўлиқ ўтказиб берилмаган. Вазият қай ҳолатда эканлигини янада аниқроқ тасаввур қилиш учун "ўжар" рақамларга мурожаат қиламиз.
 
Шу кунгача ўтказилиши керак бўлган 40 фоизли маблағдан энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳри (0,2 фоиз), Сурхондарё вилояти (0,6 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилояти (1,5 фоиздан) улушига тўғри келади. Андижон вилоятида эса ҳеч қандай иш қилинмаган. Ваҳоланки, 2018 йилда бу вилоят маҳаллий бюджет даромадларининг прогноз кўрсаткичидан ошириб бажарилган қиймати 4 триллион 607 миллиард сўмдан ортиқдир.
 
Маълумотларга қараганда, фақатгина Бухоро (22,3 фоиз) ва Навоий (16,3 фоиз) вилоятларида ушбу жамғармага тушган маблағлар ҳисобидан қўшимча 6,5 минг ва 3,4 минг доимий янги иш ўрни ташкил қилинган. Натижада бу вилоятларда ёш йигит-қизларимиз, хориждан ва ҳарбий хизматдан қайтган фуқаролар, ижтимоий ёрдамга муҳтож ва кўп болали аёллар иш билан таъминланган.
 
Тўғри, ҳудудий жамғармаларнинг маблағларини шакллантиришда бошқа манбалар ҳам кўрсатилган. Бироқ улар орасида маҳаллий ҳокимликлар улуши асосий ва салмоқли ўринни эгаллайди. Масаланинг муҳим томони шундаки, давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли бандлиги даражасини янада ошириш ва муносиб иш ўринлари сонини сезиларли даражада кўпайтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ҳокимликларнинг ана шундай сусткашлиги тўсиқ бўлмоқда. Вазият бу тарзда давом этса, аҳоли даромадлари, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини қониқарли оширишга қачон эришамиз? Балки шу каби омиллар ҳам айрим жойларда аҳолининг иш излаб кетаётгани, турли солиқ ва коммунал тўловларнинг ўз вақтида тўланмай қолишига сабаб бўлаётгандир.
 
Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган. Маҳаллий ҳокимликлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб, шу асосда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳаларда янги иш ўринлари ташкил этишга тижорат банклари томонидан ажратилаётган микрокредитларнинг манзиллилигини таъминлашни кучайтириши лозим. Биринчи навбатда, кам таъминланган оила аъзоларини якка тартибдаги ва оилавий тадбиркорлик соҳасига, касаначиликка, қишлоқ жойларда эса шахсий томорқа хўжаликлари асосида иқтисодий фаолликка жалб этишга қаратилган тадбирлар ва механизмлар ишлаб чиқилиши керак бўлади. Жорий йил мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дея номлангани бежиз эмас. Зеро, бу йилда тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва пенсия таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинади.
 
Ижтимоий ривожлантириш масалалари, албатта, аҳоли бандлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, даромадлар турмуш даражаси ошишига олиб келади. Ишсизликни камайтириш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги бир қатор масалалар Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам ўз аксини топди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу масалаларда жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам фаоллик кўрсатмаса, кўзланган мақсадга эриша олмаймиз.
 
Халқ манфаати йўлида қабул қилинаётган давлат қарорларини амалга татбиқ этиш, уларни жамият ҳаётига олиб кириш ва ижросини тизимли равишда таъминлаш учун ҳар бир мутасадди ташкилот ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши лозим.
 
Баҳодир УМУРЗОҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси
бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазири ўринбосари

Манба: ЎзА

Поделиться