Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Жанубий Кореянинг Конкук университети президенти Мин Санги бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Институт ректори Х.Юнусов меҳмонларга ўтган йили ташкил этилган мазкур ўқув юртининг мақсад ва вазифалари, таълим жараёни ҳақида маълумот берди. Ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун замонавий билимларни эгаллаган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Жанубий кореялик меҳмонлар институт таълим йўналишлари бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эгалигини қайд этди. Бу борада ҳамкорликда ишлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, масофавий таълим имкониятлари, замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди. Атрофлича танишув ва муҳокамалардан сўнг икки олий ўқув юрти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
– Бу ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлиб, муассасаларимизнинг истиқболдаги режаларини амалга ошириш, биргаликда ўқув дастурлари тайёрлаш ва уларни такомиллаштириш, илмий ҳужжатлар ва адабиётлар алмашишга хизмат қилади, – дейди Конкук университети президенти Мин Санги. – Бу алоқаларни қўшма конференция, семинар ва симпозиумлар уюштириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш билан янада мустаҳкамлаймиз.
Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА
Манба: ЎзА