Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон фуқаросига медаль топширилди
2019-02-07 | Жамият
2019 йилнинг 6 февраль куни Челябинск вилояти (Россия) губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова Ўзбекистон фуқароси Оламафруз Абдуллаевга тантанали равишда «Яхшилик қилишга шошилинг» («Спешите делать добро») медалини топширди.
Маросим вилоят губернаторининг қароргоҳида бўлиб ўтди.
Фахрий ёрлиқда ёзилганидек, ватандошимиз “Россия Федерациясининг Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун” медаль билан тақдирланди.
Медаль Челябинск вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар йили жамият учун муҳим ишларни амалга оширган ва оғир турмуш шароитларига тушиб қолганларга кўмаклашган шахсларга топширилади.
2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорск шаҳридаги турар жой биносида юз берган портлаш натижасида жароҳатланганларга ёрдам кўрсатишга ошиқиб, қаҳрамонлик кўрсатган ва юксак мукофотга лойиқ топилган 19 нафар жанубий уралликлардан бири Оламафруз Абдуллаев бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари етиб келгунига қадар у саккиз нафар кишининг вайроналар остидан чиқишига ёрдамлашди, – деб хабар берди Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси (Урал федерал округи).
Куни кеча ўзининг мардонавор иши учун Оламафруз Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва Бош консулхонанинг фахрий ёрлиғини қабул қилиб олди.
7 февраль куни у Тошкентга учиб келади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги