Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззах вилоятига ташриф доирасида амалга оширилган ишлар
2019-02-06 | Маданият
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятига ташрифи доирасида Маданият вазири ҳам 2018 йил мобайнида Жиззах вилоятида ижобий ишлар амалга оширилганлик ҳолати билан яқиндан танишди.
Авваломбор вазир Жиззахда «Обод қишлоқ» дастури доирасида Фориш туманидаги «Учқулоч» маданият маркази биносида 1,5 млрд.сўмлик, Дўстлик туманидаги «Манас» маданият маркази биносида 3,5 млрд.сўмлик, Мирзачўл туманидаги «Ўзбек-қозоқ» маданият маркази биносида 2,9 млрд.сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишларини кўздан кечириб, уларнинг тантанали очилишида иштирок этишди.
Шу билан бирга, Маданият вазири вилоятнинг барча маданият ва санъат масканларига ташриф буюриб, уларнинг ҳозирги кундаги иш фаолияти, айниқса, Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ишлаш жараёнларини танқидий таҳлил қилинган ҳолда, кўриб чиқилди.
Жиззах вилоятда ўтган йил давомида маданият ва санъат соҳасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган бўлсада, ҳанузгача ўз ечимини топмаган муаммоли масалалар билан бир қаторда, соҳани ривожлантиришга қаратилган устувор вазифаларни бажаришда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.
Жиззах вилояти баъзи муассасалари вазирлик ва вилоят бошқармаси томонидан бериладиган топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, маданият марказлари фаолиятини ташкил этиш, аҳолига сервис хизмати кўрсатиш, ўқувчи-ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишда кўплаб қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйиб келмоқда. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида сифатли бажаришда фаоллик кўрсатган тизим ташкилотлари рағбатлантирилган бўлса, масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар кадрларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Шунингдек, қўпол хатоликларга йўл қўйилган ва топширилган вазифаларни бажаришда масъулиятсизликка йўл қўйган 24 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Бу албатта ачинарли хол, лекин тегишли чоралар ўз муддатларида ижро бўлмаса, ташкилот ёки муассасада ривожланиш бўлмайди. Айниқса, Давлат раҳбари томонидан соҳага берилаётган эътибор, барчамизни теран фикрлаб, тўғри йўл ва имкониятлардан кенг фойдаланган ҳолда ишлашга ундайди, масъулиятсиз ходимлар эса бундай жараёнларда ташаббускор бўлмаслиги ва иш бермаслиги аниқ.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги