Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонлик мутахассислар Россия Федерациясида халқаро баҳолаш тизимлари бўйича тренинг машғулотлари ўтайди
2019-02-05 | Таълим
Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида“ 2018 йил 8 декабрдаги 997-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқаро баҳолаш дастурлари бўйича халқаро тадқиқотларда Ўзбекистон Республикасининг иштирок этишига тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси“нинг 2-банди ижроси юзасидан Давлат инспекцияси, Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази, Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларидан халқаро тадқиқотлар учун масъул ходимларнинг малака ва кўникмаларини ошириб боришни ташкил этиш мақсадида 20 нафар Ўзбекистонлик мутахассислар учун жорий йилнинг 17-22 февраль кунлари халқаро баҳолаш тизимларидаги иштироки бўйича Россия тажрибасини ўрганиш, ўқув курслари ва семинарлар ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, мазкур масалада, Жаҳон банкининг READ 2 дастури ва Россия Федерациясининг Таълим сифатини баҳолаш миллий маркази билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
Шунингдек бошланган хизмат сафарига доир ташкилий масалалар бўйича янада аниқроқ келишувга эришиш мақсадида, 2019 йилнинг 4 февраль куни Жаҳон Банки (Вашингтон)нинг таълим сектори етакчи мутахассиси жаноб Жанссен Теихеира, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги вакиллари ҳамда Инспекция раҳбарияти ўртасида навбатдаги видео-учрашув ташкил қилинди.
Мазкур учрашув кун тартибидан асосан Россия Федерациясида ташкил этиладиган халқаро баҳолаш тадқиқотлари мутахассислари сафар харажатларини қоплаш чоралари, қолаверса, “Халқаро таълим ютуқларини баҳолаш ассоциацияси“ (IEA) билан Ўзбекистоннинг PIRLS2021 халқаро илмий тадқиқотларида иштироки бўйича имзоланиши кутилаётган розилик шартномасини имзолаш билан боғлиқ масалалар ўрин эгаллади.
Айниқса, Ўзбекистоннинг PIRLS2021 халқаро тадқиқотларида иштирок этиши учун ҳаракатларнинг бошланганлиги Жаҳон Банки вакиллари томонидан катта хайрихоҳлик билан маъқулланди. Бу борада ўзларининг ваколатлари доирасида керакли барча ёрдам турларини бериш учун тайёр эканликларини таъкидлаб ўтдилар.
Йиғилиш сўнгида яқин кунларда IEA раҳбарияти, Жаҳон Банки вакиллари ҳамда Инспекция жамоаси иштирокида галдаги расмий учрашув ташкил этилиши режалаштирилди.