Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ўз фаолиятини қатъий «Коррупция ва порахўрликка қарши курашиш ички назорат қоидалари»ни жорий қилиш билан бошлади
2019-02-05 | Жамият
Коррупция - тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллатдир. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди. Коррупция мавжуд бўлган жамиятда давлат ўз олдига қўйган вазифаларни бажариш қийинлашади, аҳолининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси заифлашади, шунингдек чет эл халқлари ва инвесторлари учун бундай жамият ўз жозибасини йўқотади.
Коррупцияга қарши курашиш борасида Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан киритилган ва 2017 йилнинг 3 январида қабул қилинган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонун ушбу иллатга қарши курашиш йўлида қилинган муҳим қадамдир.
Шунингдек Президентимиз томонидан 2019 йил 17 январь кунги ПФ-5635-сонли фармони билан “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури” тасдиқланди. Ушбу дастурда «Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш»да амалга ошириладиган тадбирлари белгилаб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2018 йил 20 октябрдаги №ПҚ-3980-сонли қарорига асосан ташкил қилинган бўлиб, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларида инвесторлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек, бозорнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этиш Агентликнинг асосий вазифаларини ташкил қилади.
Ушбу вазифаларни бажариш учун энг аввало агентлик фаолиятида шаффофликни, тарафлар тенглиги, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига оғишмай амал қилишни таъминлаш, коррупцияга олиб келувчи ҳолатларни олдини олиш, ушбу ҳолатларга жиддий чоралар кўриш зарур бўлиб, ушбу мақсадда Агентлик томонидан халқаро талаблар ва мезонлар асосида ишлаб чиқилган «Коррупция ва порахўрликка қарши курашиш ички назорат қоидалари» бунга яққол мисолдир.
«Коррупция ва порахўрликка қарши курашиш ички назорат қоидалари»да Агентликда коррупцияга курашишнинг асосий тамойиллари, коррупцияга қарши курашиш усуллари, уни олдини олиш чоралари, коррупциявий факторлар келиб чиқиш сабаблари кўрсатиб ўтилган ва ҳар бир ходим ушбу ҳолатларга йўл қўймаслиги учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилган. Агентлик томонидан жорий қилинган Мазкур қоидалар республиканинг бошқа давлат идораларига нафақат ўрнак ва ибрат, балки жаҳон ҳамжамияти ва чет-эл инвесторларига маъқул бўлган бир қадам бўлиб ҳисобланади.
Ушбу қоидаларнинг мақсади жамият ва давлат томонидан Агентлик зиммасига қўйилган вазифаларни ҳар қандай ёт иллатларга оғишмай, қонуний, очиқ ва шаффоф бажаришга қаратишдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги