Пойтахтимизда дзюдо бўйича 1999-2000 йилларда туғилган йигит-қизлар ўртасида халқаро турнир ўтказилди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан ўтказилган мазкур мусобақада полвонларимиздан ташқари қўшни Қозоғистон ва Тожикистондан келган спортчилар ҳам иштирок этди. Мусобақада 400 дан ортиқ дзюдочи 15 вазн тоифасида ўзаро рақобатлашди.
Ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Тимур Абишев, Азизбек Авазмуродов, Жалолиддин Қурбонмуродов, Музаффарбек Тўрабоев ва Жамшид Бахтиёров мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, олтин медални қўлга киритди.
– Ушбу анъанавий турнирда иштирок этиб ғалабани қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди Ж.Қурбонмуродов. – Мусобақада 81 килограммгача вазн тоифасида иштирок этдим. Баҳслар кескин ва муросасиз ўтган бўлса-да, мураббийларимнинг доно маслаҳати ҳамда кўрсатмалари менга олтин медални келтирди. Келгусида Олимпия ўйинларида ғалаба қозонишни олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда спортчиларимиздан Маржона Салоҳитдинова, Сита Қадамбоева, Нилуфар Эрмагамбетова, Мафтуна Рўзимова, Шоҳиста Назарова, Шоҳиста Анорова, Рината Илматова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА