Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХТВ томонидан Намангандаги мактаблар ҳолати ўрганилди
2019-02-04 | Таълим
Халқ таълими вазири ўринбосари И.Джураев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятидаги мактаблар ҳолатини ўрганиб чиқди.
Наманган вилоятида 685 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, мазкур муассасаларни ўрганиш жараёнида уларнинг қуввати ва қамров имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганиш натижасида вилоятдаги мавжуд мактабларнинг 78 фоизида, аниқроғи, 522 тасида ўқиш жараёни 2 сменада ташкил этилгани аниқланди. Вилоят ҳудудидаги 88 та мактабнинг коэффициенти 1,5 дан юқори, ҳамда 46 тасида 2 коэффициентдан юқори.
Мисол учун, Наманган шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби қуввати 1490 ўринга мўлжалланган бўлиб, масканда 3000 нафар ўқувчи ўқийди. 1010 ўринли 34-умумтаълим мактабида эса 2250 ўқувчи, қуввати 620 ўринли бўлган 5-мактабда 1390 нафар ўқувчи, 840 ўринли 11-умумтаълим мактабларида эса 1695 ўқувчи таҳсил олмоқда.
Ушбу ҳолатни яхшилаш мақсадида қуйидаги йўналишларда ишлар олиб борилди:
Биринчидан, умумтаълим мактабларида ўқув жараёнларини беталофат ва самарали ташкил этиш учун касб-ҳунар коллежлари биноларини халқ таълими тасарруфига ўтказиш ҳамда келгусида улардан оқилона фойдаланишга келишилди. Ўрганишлар асосида бу борада аниқ таклифлар тайёрланиб, таҳлилий маълумотлар Республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.
Иккинчидан, 2019 йилда инвестиция дастурига биноан Наманган вилоятида 6 та янги қурилиш, 12 та мактабни капитал реконструкция қилиш, 27 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилган. Бу эса ўз навбатида мактабларга ўсиб бораётган талабни бироз мақбуллаштиришга ёрдам беради. Айни пайтда мазкур объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари расмийлаштирилган.
2018 йилда инвестиция дастури бўйича вилоятда 22 та таълим муассасаларида 62,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Шу ўринда янги даврга хос ислоҳотлар самарасида ташкил этилган нодавлат умумтаълим мактабларига ҳам эътибор қаратиб ўтиш ўринли. Вилоятда жами 8 та шу йўналишдаги мактаблар мавжуд бўлиб, улардаги 47 та синфда 800 нафар ўқувчига 51 нафар педагог сабоқ бермоқда.
Хулоса қилиб айтганда, истиқболни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ таълими соҳасидаги янгиланишлар ва амалий саъй-ҳаракатларда яққол намоён. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1107-Ф сонли фармойишига асосан биргина Наманган вилоятидаги умумтаълим мактаблари 7729 та ўқув парталари, 501 та ўқитувчи парталари, 998 та китоблар жавони, 518 дона доска, 7 та мактабга 34 турдаги жиҳозлар, 730 миллион сўмлик ҳамда 9 та мактабга биология, кимё, физика лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилаётгани ҳам шундан далолат беради.
Таълим тараққиёти юрт истиқболи, келажагимиз эгаларининг етук камоли асоси. Бу эса ижобий одимлар, саъй-ҳаракатлар салмоғи ва қамровини янада ошириши тайин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги