Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Баёнот

2019-02-04 | Жамият

Жорий йилнинг 28 январь куни “Озодлик” порталида мақола эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси томонидан ушбу вазият зудлик билан текширилди.

Мақолада Tashkent Cityнинг бош пудратчиси – Discover Invest МЧЖ меҳнат қонунчилигига зид равишда ишчилар меҳнат ҳуқуқини поймол этаётгани таъкидланган.

Шунга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил 31 январдаги Буйруғига биноан тузилган 4 кишидан иборат ишчи гуруҳи 1 февраль куни мазкур вазиятни белгиланган тартибда ўрганиб чиқди.    

Ўрганиш натижасида қуйидагилар маълум бўлди:  

Биринчидан, меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан текширилганда “Tashkent city” ҳудудида фақат иккита объектда (5 ва 8-лотлар) қурилиш ишларини олиб бораётган Discover Invest МЧЖ ходимлари – ишчилари ўртасида, мақолада келтирилганидек, иш ташлаш, дам олишсиз меҳнат қилиш, ойлик иш ҳақларидан ушлаб қолиш сингари меҳнат қонунчилигига зид ҳолатлар аниқланмаган. 2017 йил 3 январда иш берувчи ва меҳнат жамоаси кенгаши вакили ўртасида тасдиқланган ички меҳнат тартиб қоидалари бўйича 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимлар учун 7 соатлик иш куни, яъни соат 9:00 дан 17:00 га қадар (шанба куни 9:00 дан 15:00 га қадар) меҳнат қилиш белгилаб қўйилган (3.5-бандида) ва шу тартибда иш олиб борилмоқда. Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида, ушбу объект директори М.Сагдуллаев, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги муҳандиси З.Қозоқов, иш бошқарувчи (прораб) М.Саттаров, пайвандчи Б.Содиқов ва ишчи З.Шавқиевлар билан суҳбат ўтказилиб, улардан тушунтириш хатлари олинди.

Иккинчидан, Discover Invest МЧЖнинг “Tashkent city” ҳудудида меҳнат қилаётган 1400 дан ортиқ ишчилари билан тегишли тартибда меҳнат шартномаси тузилган, иш ҳақлари белгиланган муддатда тўланган, текширув давомида мажбурий меҳнат ҳолатлари ва иш ҳақидан қонунчилик талабларига зид равишда ушлаб қолиш ҳолатлари аниқланмади.

Учинчидан, қурилиш объектларида меҳнатни муҳофаза қилиш чоралари кўрилган, ходимлар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланган, санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган ётоқ жойлар ва ошхона мавжуд, корхона ҳисобидан нонушта, тушлик ва кечки овқат ташкил этилган. Ишчилар сони кўп бўлгани сабаб, навбат бўйича овқатланиш йўлга қўйилган, унга кўра нонушта 8:00 дан 9:00 гача, тушлик 12:00 дан 14:00 гача ва кечки овқат 17:00 дан 18:00 гача берилади.

Қолаверса, Discover Invest МЧЖда меҳнат шароитлари бўйича иш ўринлари аттестациядан ўтказилган. Лабораториянинг шаҳодатлаш гувоҳномаси ҳамда меҳнат шарт-шароитлари бўйича эксперт хулосалари мавжуд.

Бироқ Discover Invest МЧЖда иш берувчи ва меҳнат жамоаси кенгаши вакили ўртасида 2017 йил 3 январда ички меҳнат тартиб-қоидалари тасдиқланган бўлса-да, ушбу ички меҳнат тартиб қоидалари билан ходимлар тўлиқ таништирилмаган.

Шунингдек, Discover Invest МЧЖ томонидан олиб борилаётган қурилишда айрим биноларнинг юқори қаватларидаги баъзи жойларда ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган, бинонинг қаватларида коммуникация ўтказиш учун мўлжалланган 4 та ҳолатда тирқиш (проём)ларга ҳимоя тўсиқлари қўйилмаган. Бундан ташқари,  пойдевор учун қазилган ўра (котлован) атрофига ҳимоя тўсиқлари тўлиқ ўрнатилмаган, натижада айрим иш жойларида хавфли меҳнат шароити вужудга келган.

Аниқланган мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатма берилди ва уч кун ичида бажарилиши назоратга олинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Поделиться