Ўзбекистон – Европа Иттифоқи: Музокаралар интеллектуал мулк муҳофазаси масалаларидан бошланди
Мамлакатимизга Европа Иттифоқи делегацияси ташриф буюрди.
Ташриф доирасида бугун, 4 февраль куни пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик бўйича янги келишув лойиҳасига бағишланган икки томонлама музокараларнинг биринчи босқичи бошланди.
Куннинг биринчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев ва Европа Иттифоқи делегациясининг савдо масалалалари бўйича вакили Р.Зарнаускайте бошчилигида томонлар ўзаро савдо алоқаларида интеллектуал мулк муҳофазасига доир масалаларни кўриб чиқди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев мамлакатимизда интеллектуал мулкни муҳофаза қилишда халқаро интеграциянинг йўлга қўйилганлиги, хусусан Ўзбекистон Берн конвенцияси ва бошқа кўплаб халқаро шартнома ва битимларга аъзолигини таъкидлади.
– Ўзаро савдо муносабаталарида интеллектуал мулк муҳофазаси биз учун манфаатли ва муҳим бўлган масалалардан, – деди Европа Иттифоқининг делегациясининг савдо масалалари бўйича вакили Р.Зарнаускайте. – Умид қиламизки, бу борада бошлаган музокаралар томонлар кутган натижаларни беради.
Икки томонлама музокаралар давом этади.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
Манба: ЎзА