Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Польша Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари билан учрашув тўғрисида
2019-02-04 | Сиёсат
2019 йилнинг 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси делегацияси таркибида Варшава шаҳрида бўлган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Польша Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бартош Чихоцкий билан учрашди.
Икки томонлама ҳамда Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклидаги Ўзбекистон-Польша шериклиги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Польша дипломатининг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамланиши унинг мамлакатида юксак баҳоланмоқда. Афғонистонга нисбатан конструктив сиёсат қўллаб қувватланди.
Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-коммуникация ва бошқа масалаларни ҳал қилишдан томонлар манфаатдорлигини тасдиқланди.
Польша томони Ўзбекистондан ишчи кучини Польша меҳнат бозорига жалб қилиш бўйича икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасидаги маслаҳатлашувларни давом эттиришга ижобий муносабат билдирди.
Туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Таъкидланганидек, польшаликлар Шарқий Европада энг фаол саёҳатчилар бўлиб, Ўзбекистон минтақадаги энг йирик туристик салоҳиятига эгадир. Шу муносабат билан Польша туристик компаниялари ва ишбилармон доиралари Ўзбекистон томонининг нафақат туристлар сонини ошириш, балки республикада туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклифларини фаол кўриб чиқмоқдалар.
31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов Варшава шаҳрида Польша халқаро алоқалар институти Шарқий дастурининг раҳбари Анна Дынер билан ҳам учрашди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, Ўзбекистон ва Польшанинг таҳлилий тузилмалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги