Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Соғлом ҳаётга қадам ташла!” акцияси қизғин давом этмоқда
2019-02-01 | Соғлиқни сақлаш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пойтахтимизнинг қатор туманларида “Соғлом ҳаётга қадам ташла!” акцияси ўтказилмоқда. Мазкур акциянинг навбатдаги тадбирлари пойтахтимиздаги Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида бўлиб ўтди.
Жумладан, Шайхонтоҳур туманининг “Ҳувайдо” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Саломатлик майдончалари” тадбирида ҳам ҳудуддаги 45-оилавий поликлиника шифокорлари томонидан кексалар, ёш болали аёллар, маҳалла фаоллари ҳамда ўсмир-ёшлар иштирокида махсус антропометрик ўлчов ва соғлом овқатланиш тамойилларига доир сўровномалар ўтказилди. Бунда иштирок этиш истагини билдирган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, махсус сўровномалар тўлдирилди. Сўровномалар натижасига кўра, саломатлик кўрсаткичлари аниқланиб, мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди.
Маълумки, юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликлар сабаб дунёда ногиронлик ва ўлим ортиб бормоқда. Бу касалликлар келиб чиқишига асосан носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, чекиш, ичиш каби салбий иллатларга берилиш, жисмоний фаол бўлмаслик асосий сабаб бўлмоқда. Ушу муаммонинг олдини олишда аҳоли орасида тиббий маданият ва билимни ошириш муҳим ўрин тутади.
Пойтахтимизнинг 45-оилавий поликлиникасида “Эъзозли аёллар” спортсеварлар гуруҳи ташкил этилиши ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади. Бу ерда аёллар спорт билан шуғулланиши учун махсус хона ажратилиб, зарур спорт анжомлари билан таъминланган. Тўгаракда оилавий поликлиника ҳамширалари спорт машғулотларини ўтказади.
— Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаолликни ошириш мақсадида қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Соғлом ҳаётга қадам ташла” акциясини ўтказиб келмоқдамиз, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси бош мутахассиси Барно Одилова. — Хусусан, пойтахтимиздаги иккита туманда “Саломатлик майдончалари” тадбирлари ўтказилди. Хусусан, Шайхонтоҳур туманидаги “Ҳувайдо” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳамда ҳудуддаги 45-оилавий поликлиникаларда Юнусобод туманидаги “Корзинка” супермаркетларида ҳудуд аҳолиси учун тиббий кўрик ва махсус сўровномалар ташкил этилиб, мутахассислар томонидан суҳбатлар ўтказилди. Акциянинг биргина “Корзинка” супермаркетида қарийб 100 нафар дан зиёд фуқаролар ўз ихтиёри билан иштирок этиш таклифини билдиришгани қувонарли албатта. Бундай тадбирларни келгусида республикамиз бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган. Мақсад соғлом муҳитни яратиш, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллик натижасида юқумли бўлмаган касалликларни олдини олишга эришишдир.
Акция доирасида ташкил этилган тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги