Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги 15 февралга қадар Республика бўйлаб манзилли тарғибот тадбирларини ўтказишни бошлади
2019-02-01 | Жамият
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида аввало инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ётади. Сўнгги йилларда инсон, унинг ҳуқуқи, эркинлиги, қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Лекин яратиб берилаётган бу имкониятлар, шарт-шароитлардан фуқароларимиз хабардорми, улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишадими?
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, қонунларни қабул қилиш – бу ишнинг бир қисми, холос.
Асосий масала – қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилишни таъминлашдан иборатдир.
“Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.
Бу борада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда қайд этиш жоизки, ҳали бу соҳада қилинадиган ишлар талайгина. Айниқса, умумий тарғиботдан фуқароларни безовта қилаётган масалалар бўйича тарғиботга ўтиш даври келди.
Маҳаллаларда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган ва мурожаатларда кўтарилаётган муаммоли масалаларни таҳлил қилиш ва таҳлил натижасига кўра манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қонун ҳужжатлари мазмун ва моҳиятини етказиш бўйича чоралар кўришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан 15 февралга қадар бутун Республика бўйлаб ташкил этилаётган манзилли тарғибот тадбирларининг мақсади ҳам фуқаролар, давлат ташкилотлари ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтиришдир.
Бунда, тарғибот тадбирлари икки йўналишда ташкил этилмоқда.
Биринчи йўналишда Халқ таълими вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва уларнинг ҳудудий тузилмаларида ишловчи ходимларга соҳа фаолиятига оид қонунчилик моҳияти етказилиши билан бир қаторда уларнинг меҳнат ва бошқа ҳуқуқлари ҳам тушунтирилмоқда
Иккинчи йўналишда эса, турли аҳоли тоифалари ёшлар, тадбиркорлар, уй бекалари, пенсионерлар, меҳнат мигрантлари орасида тегишли қонун ҳужжатларининг мазмуни етказиш билан бир қаторда уларнинг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси ҳам мониторинг қилиб борилмоқда.
Шу мақсадда, вазирликнинг малакали мутахассислари, тажрибали педагог-профессорлардан иборат таркибда махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Биламизки, шу каби тарғибот тадбирларининг асосан матнли кўринишда ташкил этилаётганлиги уларнинг самарадорлигини салбий таъсир қилади.
Шу сабабли манзилли тарғибот тадбирларини ташкил этишда қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказишда кўргазмали материаллардан фойдаланиш, схематик ифодалашни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, тадбирлар давомида ҳуқуқий тарғибот соҳасига масъул ходимларга манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш бўйича маҳорат дарслари ўтказилади, уларга тегишли йўл-йўриқлар берилади.
Ҳозирда Тошкент шаҳри, Сирдарё, Навоий, Фарғона вилоятларида манзилли тарғибот тадбирлари бошлаб юборилди.
Қонунлар моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ва ижрочиларга ўз вақтида таъсирчан усулларда етказиш бўйича ташкил этиладиган бу каби тадбирлар аҳолининг қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражасини ошириш билан бир қаторда жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги