Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар мазмун-моҳияти етказилди
2019-01-31 | Туризм
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида семинар ташкил этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда туризм индустрияси ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш ҳамда сайёҳлар оқимини кенгайтириш йўлида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Миллий сайёҳлик салоҳиятимиз ва маданий меросимиз билан юртимизга ташриф буюраётган хорижликларни ва маҳаллий аҳоли вакилларини яқиндан таништириш ҳамда соҳа ривожини таъминлаш юзасидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.
Хусусан, 2019 йил 5 январдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5611-сонли фармони ҳамда "Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4095-сонли қарори соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг ПҚ-4095-сонли қарорига асосан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатга мувофиқ, 2022 йилнинг 1 январига қадар олиб кириладиган, туристлар ташриф буюрадиган жойларга ўрнатиладиган антивандал санитария-гигиена шохобчалари, шунингдек, моддий маданий мерос объектлари, музейлар, театрлар, галереялар ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, дастурий таъминот, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди.
Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ушбу қарор доирасида олиб кириладиган товарлардан мақсадли фойдаланиш устидан қатъий назорат ўрнатиши белгиланган. Товарлардан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларига асосан молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда давлат бюджетига ундирилади.
Тадбирда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган солиқ имтиёзлари, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғига оид имтиёз ва преференциялар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Қизғин савол-жавоблар ва очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда туроператорлар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимларидан атрофлича жавоблар олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси