Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ)
2019-01-30 | Соғлиқни сақлаш
29 январь куни пойтахтимизда соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги бўйича тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) агентлиги, Жаҳон банки гуруҳининг таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (ИФC) ҳамда Швейтсариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.
Учрашув соҳа раҳбарлари ва мутахассислари нутқлари учун, шунингдек барча иштирокчилар ўртасида мунозаралар учун қулай замин яратди.
Семинарнинг кириш қисмида Молия вазири ўринбосари – Давлат-хусусий шерикчилиги агентлиги директори Ғолиб Холжигитов, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов, Ўзбекистондаги Халқаро молия корпорацияси бошлиғи Зафар Ҳашимов, Марказий Осиёдаги Жаҳон банкининг ижтимоий лойиҳалар бўйича менежери Сусанна Айрапетян ва Швейцария элчихонасининг ходими Дилдора Абиджанова сўзга чиқишди.
“Соғлиқни сақлаш тизимида давлат-хусусий шерикчилиги моделлари“ мавзусидаги тақдимотни ИФCнинг маслаҳат хизмати раҳбари Карин Башонги жорий лойиҳалар бўйича амалга оширди. Грузия собиқ Соғлиқни сақлаш вазири Андрей Урушадзе, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Департаменти директори Медер Исмоилов ва ДХШ бўйича Қирғизистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Гулнора Каликова бу борада ўз мамлакатларининг тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. ИФCнинг инвестициялар бўйича бош мутахассиси Зейнеп Кантур, иштирокчиларни Туркиядаги шифохоналарда давлат-хусусий шерикчилиги дастури билан таништириб ўтди.
Тадбирда бир қатор истиқболли лойиҳалар мисолида юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида ДХШни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Маҳаллий ва хорижий экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги