Бугун мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таваллудининг 81 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, буюк давлат ва сиёсат арбоби ҳайкали пойига гул қўйди. Унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги ва 2018 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Ислом Каримов ҳайкаллари қад ростлади, у киши узоқ йиллар самарали фаолият юритган Оқсарой қароргоҳи ёдгорлик мажмуасига айлантирилди, Тошкент халқаро аэропорти, йирик муассаса ва ташкилотлар, пойтахтимиз ва вилоят марказларидаги марказий кўчаларга буюк Йўлбошчимиз номи берилди.
Гул қўйиш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Алоуддин Ғаффоров, ЎзА
Манба: ЎзА