Жиззах шаҳрида мармар тошдан қурилиш материали ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Jizzakh Stone Quality” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Италия қўшма корхонаси иш бошлади.
Шу муносабат билан Жиззах вилояти ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари, ҳудуд фаоллари, тадбиркорлар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Лойиҳа қиймати 2 миллион 583 минг евро бўлган ушбу корхона “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида италиялик инвесторлар ва жиззахлик тадбиркорлар муассислигида барпо этилди.
– Италия тош ва тош маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди, – дейди италиялик инвестор Жованни Петричиоли. – Бозорга янги маҳсулот олиб кириш осон иш эмас, албатта. Аммо Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар туфайли Жиззахга мамлакатимиз технологиясини олиб кириб, бозорига янги турдаги замонавий ва сифатли маҳсулот чиқаришга муваффақ бўлдик. Маҳсулотларимизни экспорт қилишни ҳам режалаштирганмиз.
Ушбу лойиҳани амалга оширишда банкнинг 1 миллион 83 минг евро кредити, “Жиззах пластмасса” АЖнинг 600 минг еврога тенг эквивалентдаги ва инвесторларнинг 900 минг евро маблағи ўзлаштирилди.
Мазкур корхона табиий пардозбоп тошлар чиқиндиларидан юқори сифатли сунъий тош ва плиткалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Юртимиз ушбу норуда хомашёга бой ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, Жиззах вилоятида табиий пардозбоп тошларнинг катта захираси мавжуд.
– Кейинги икки йилда мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тури 120 дан 180 га етди, – дейди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Мақсудбек Юсупов. – Табиий тошлар ишлаб чиқариш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Жиззах шаҳрида табиий тошлар чиқиндиларидан турли ўлчамдаги сунъий мармар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона йилига 360 минг квадрат метрдан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Энг муҳими, корхона иш бошлаши билан 30 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилди.
Корхонанинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев сўзга чиқди.
Тошқул Бекназаров, ЎзА
Манба: ЎзА