Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳрида Технопарк яратиш мақсадида ҳиндистонлик экспертни жалб қилмоқда
2019-01-29 | Технологиялар
28 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида ҳиндистонлик эксперт Ж.Партасарати билан учрашув бўлиб ўтди. У Тошкент шаҳрида Технопарк яратиш бўйича маслаҳатчи сифатида ҳамда унинг бошқарувида консултатив ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонга жалб қилинган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров ҳиндистонлик экспертнинг бу каби АТ-Паркларини яратишдаги улкан иш тажрибасини эътироф этди.
Ҳиндистонда маълумотларни бошқариш марказлари, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича инкубация марказлари сингари йирик давлат лойиҳалари унинг раҳбарлигида амалга оширилган. У узоқ вақт Бангалор (Ҳиндистон)даги Технопаркни ҳам бошқарган. Ҳозирги пайтда, жаноб Ж.Партасарати Ҳиндистонда АТ-парклари (STPI) бўйича маслаҳатчи ҳисобланади.
Ҳиндистонлик эксперт Ўзбекистонда Технопарк яратилиши ва унинг муваффақиятли иш олиб бориши учун зарур бўлган барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканини билдирди. У, ўз олдида турган асосий вазифа сифатида Ўзбекистондаги Технопаркка ахборот технологиялари паркларини яратиш ва фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳиндистонда ишлаб чиқилган илғор, кўп йиллик тажрибани жорий этиш эканини алоҳида таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги