Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мактабгача таълим вазирлиги энг яхши болалар персонажи яратиш бўйича танлов эълон қилади
2019-01-28 | Жамият
Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда электрон ва босма ўқув материаллари учун персонажлар (қаҳрамонлар) яратиш бўйича танлов эълон қилади. Танлов икки босқичда бўлиб ўтади: биринчи босқичда халқ томонидан овоз бериш асосида 10та энг яхши иш танлаб олинади, иккинчи босқичда эса комиссия битта ғолиб ва иккита совриндорни танлаб олади. Бош соврин - 10 млн.сўм.
26 январь 2019 й., Тошкент — Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда жорий йил 26 январидан 15 февралига қадар оригинал қаҳрамонлар яратиш бўйича танловда иштирок этиш учун аризалар қабул қилади. Яратилган тасвирлардан болалар адабиёти ҳамда МТВнинг мултимедиа маҳсулотларида фойдаланилиши мумкин.
Танлов доирасида иштирокчилар (ёки иштирокчилар жамоаси) ўзбек халқи маданияти, анъаналари ва ўзига хослиги билан рамзий боғлиқ бўлган болалар персонажлари/персонажлар гуруҳи (одамлар, ҳайвонлар, тўқима қаҳрамонлар, жонсиз предметлар)ни яратишлари лозим.
16.02.2019 й. -20.02.2019 й. оралиғида www.tanlov.mdo.uz сайтида бўлиб ўтадиган халқ томонидан овоз бериш, танловнинг шаффофлиги ва холислигини таъминлаб беради. Ўзбекистон, аҳолиси якуний (финал) босқичга ўтувчи 10та энг яхши ишни танлаб беради. Овоз йиғиш учун турли, ноҳалол усуллардан фойдаланган иштирокчилар танловдан чиқарилади. Ташкилотчилар энг яхши ўнликка кирмаган бештагача ишни финалга ўтказиш ҳуқуқига эга.
Якуний босқич очиқ муҳокама шаклида ўтказилади. Комиссия учта энг яхши ишни, 14 ҳудуддаги МТМ болалари эса «Болалар меҳрини қозонган иш» бўйича ғолибларни танлаб оладилар.
Танлов ғолиб ва совриндорлари фахрий диплом, ҳомийларнинг эсдалик совғалари, шунингдек МТВ пул мукофоти билан тақдирланади.
Биринчи ўрин — 10 млн. сўм;
Иккинчи ўрин — 6 млн.сўм;
Учинчи ўрин — 4 млн.сўм.
Танловга жисмоний ва юридик шахслар www.tanlov.mdo.uz да кўрсатилган шартлар бўйича очиқ оферта шаклида қўйиладилар. Ҳар бир иштирокчидан чекланмаган миқдорда ишлар қабул қилинади. Танловга ўз ишини юборган шахс автоматик тарзда очиқ оферта шартларини қабул қилган ҳисобланади.
Танловнинг ўтказилиш механизми, ишларга қўйиладиган талаблар ҳақида www.tanlov.mdo.uz да батафсил билиб олинг.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги