Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш вазирлиги: “Соғлом ҳаётга қадам ташла!” акцияcи бошланди
2019-01-28 | Соғлиқни сақлаш
Президентимизнинг ўтган йил 18 декабрда қабул қилинган “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тиббий-профилактика соҳасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш маданиятини кенг тарғиб этиш борасида тизимли вазифалар белгиланди.
Хусусан, ушбу йўналишда 2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш Концепцияси ва чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда шу йилнинг 25 январидан 25 февралигача Тошкент шаҳрида “Соғлом ҳаётга қадам ташла!”акцияси ўтказилмоқда. Ундан кўзланган мақсад аҳолининг тиббий билимини ошириш, ўз соғлиғига бўлган эътиборини кучайтириш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳамда тамакидан воз кечиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу ҳақда мазкур акция олдидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Бир ой давомида ўтказилиши режалаштирилган мазкур акция Тошкент шаҳрининг Миробод, Яшнобод, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларининг жамоат жойларида бўлиб ўтади. Ҳудудлардаги “Корзинка” супермаркетлари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда – “Саломатлик майдончалари”, ҳудудларда уюшмаган ёшлар билан “Саломатлик дарслари”, таълим муассасаларида “Тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз” акциялари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиш, тамаки маҳсулотлари сотувини рағбатлантирилишини олдини олиш ҳамда иш ва жамоат жойларида ҳамда жамоат транспортларида тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича оммавий рейдлар олиб борилади. Шунингдек, бу ерда шифокорлар фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, жойлардаги ўқув муассасалари ва маҳаллалардаги ёшларга тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари ҳақида маърузалар қилишади.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, юқумсиз касалликлар мамлакатимиз аҳолиси саломатлиги кўрсаткичига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Маълумотларга кўра, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизида қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори. Юртимизда деҳқончилик маҳсулотлари мўл-кўл етиштирилса-да, аҳоли кундалик овқат рационида мева-сабзавот истеъмоли етарли эмас. Ушбу муаммолар туфайли Ўзбекистонда йиллик ўлим ҳолатларининг 78 фоизи айнан юқумсиз касалликлар улушига тўғри келмоқда. Кўриниб турибдики, соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳар қачонгидан-да долзарб аҳамият касб этяпти.
Соғлигингизга эътиборли бўлсангиз, акцияда фаол иштирок этинг.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги