Умумхалқ экологик хайрия ҳашари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.
Умумхалқ хайрия ҳашари барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналар, шунингдек, фуқаролар йиғинлари ҳудудида уюшқоқлик билан ташкил этилиб, ҳозиргача унда 321 минг нафардан зиёд фуқаро қатнашмоқда.
Кун давомида эл-юрт юмушига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан вилоятнинг 986 гектар майдонида ободонлаштириш ишлари, 1 минг 441 метр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланиб, 14 зиёратгоҳ ва 177 қабристон тартибга келтирилди. Шунингдек, 741 минг 150 туп дарахтга шакл берилиб, оқланди.
– Юртимизнинг экологик муҳитини янада яхшилашга ҳаммамиз бирдек масъулмиз, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти экология кафедраси профессори Шуҳрат Муродов. – Бугун эрта тонгдан институтимиз талаба-ёшлари, ўқитувчилари экобоғимизни ободонлаштиришга киришдик. Бу ҳашарга барча юртдошларимиз сидқидилдан ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Шу жумладан биз ҳам.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА