Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятида умумхалқ экологик хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтмоқда
2019-01-26 | Экология
Ҳашар – халқимизнинг меҳр-оқибат, ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ўзаро беғараз ёрдам каби инсоний фазилатларини тараннум этувчи азалий қадрияти ҳисобланади.
Асрлар оша боболаримиз ҳашар йўли билан улкан бунёдкорлик, қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шу жумладан маҳаллалар, кўча ва хиёбонлар, муқаддас қадамжолар, хонадонларни саранжом-саришталаш, турли хил дарахт ва гул кўчатларини экиш каби хайрли ишларни амалга оширган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 январдаги фармойишига мувофиқ, вилоят бўйлаб эрта тонгдан бошланган умумхалқ экологик хайрия ҳашари ҳам халқимизнинг ана шундай эзгу ва хайрли амалларининг узвий давоми бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳашарда 500 минг нафардан зиёд аҳоли иштирок этмоқда. Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этгани қувонарлидир.
Ҳашар доирасида қарийб 4 минг 500 гектардан ортиқ майдонни ободонлаштириш, ариқ-зовур ва лотокларни тозалаш, зиёратгоҳ ва қабристонларни тартибга келтириш режалаштирилган. Шунингдек, 800 га яқин махсус техника воситалари ёрдамида қарийб 5 минг 172 тонна маиший ва қурилиш чиқиндиси белгиланган жойларга чиқариб ташланади. Тураржой массивлари ва маҳаллаларда кенг кўламли тозалаш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилади
Эслатиб ўтамиз: мазкур хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга йўналтирилади.
Манба: ЎзА