Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро валюта жамғармаси экспертлари билан учрашув
2019-01-25 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 21 январидан 1 февралигача Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда техник кўмаклашиш бўйича навбатдаги миссияси ўз ишини давом эттирмоқда.
Хорижлик экспертларнинг Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти ҳамда мутахассислари билан қатор учрашувларида ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, истиқболдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, солиқ маъмуриятчилигини юритишда бизнес учун тенг рақобат шароитини яратиш, корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлаш, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғига ўтказилиши муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш, солиқ тўловчилар билан муносабатларни янги босқичга олиб чиқадиган замонавий хизматларни йўлга қўйиш ва зарур шарт-шароитларни яратишга доир масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси фаолиятини самарали йўлга қўйишнинг мақбул механизмини ишлаб чиқиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бу йўлда Халқаро валюта жамғармаси экспертлари туман солиқ инспекцияларига чиқиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиши ҳамда мамлакатимизда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш юзасидан ўз тавсияларини бериши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертлари давлатимиз раҳбари томонидан солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалий ишларнинг самарали ижросини таъминлаш учун техник томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида жалб қилинган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси