Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Божхона постида инспекцион кўрик мажмуаси фойдаланишга топширилди
2019-01-25 | Технологиялар
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Бекобод“ темир йўл чегара божхона постида темир йўл вагонларини рентген-сканер қилиш қурилмасига эга инспекцион кўрик мажмуаси ишга туширилди.
Шу муносабат билан божхона постида ташкил этилган тадбирда божхона хизмати ходимлари, вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бошқармаси масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз божхона тизими фаолиятини такомиллаштириш, хусусан, божхона чегара текширувида энг замонавий технологияларни жалб этиш орқали юқори вақт тежалишига эришиш, юртимизга ноқонуний товарлар, қурол-яроғ ва гиёҳвандлик воситалари олиб ўтилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.
“Бекобод“ темир йўл чегара божхона пости Ўзбекистон Республикаси божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан жиҳозланди.
Тадбир иштирокчилари Хитойнинг “NUCTECH COMPANY LIMITED“ компанияси ҳамкорлигида ўрнатилган замонавий инспекцион-кўрик мажмуаси, унинг имкониятлари билан яқиндан танишди.
Бу ерда ўрнатилган замонавий рентген-сканер қурилмаси катта ҳажмли транспорт воситалари ёки контейнерлар ичидаги товарлар шаклини кўриш имконини беради. Бу қулайлик, ўз навбатида, контейнердаги товарларнинг декларацияда кўрсатилганига нечоғли мослигини, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилишга замин ҳозирлайди. Мухтасар айтганда, божхонадаги назорат сифатини ошириб, вақтни тежайди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.
Авазбек Худойқулов, ЎзА
Манба: ЎзА