Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шаҳар бош лойиҳаси ЮНЕСКО эксперти билан муҳокама қилинди
2019-01-25 | Жамият
Шу кунларда ЮНЕСКО эксперти, Франция шаҳарсозлик институти халқаро алоқалар бўйича менежери Э.Хойберхтс раҳбарлигидаги делегация Самарқанд шаҳри меҳмони бўлиб турибди. Делегация аъзолари вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
– Таклифимизга биноан Самарқандга ташриф буюрган экспертлардан бир неча масалаларда ҳамкорлик кутяпмиз, – деди Cамарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов. – Биринчи навбатда, шаҳар бош режасини расмийлаштиришда ЮНЕСКО экспертининг фикрлари биз учун муҳим. Бундан ташқари, шаҳарнинг муҳофаза остидаги ҳудудида қурилиши мумкин бўлган меҳмонхоналар ва бошқа туристик иншоотлар бўйича маслаҳатлашув кўзда тутилган. Шунингдек, ана шу биноларни ҳужжатлаштиришда ҳам ҳамкорлик қилмоқчимиз.
Йиғилишда ЮНЕСКО эксперти Эрик Хойберхтс мамлакатимизда тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик меъёрлари бўйича мавжуд қонун-қоидалар, ҳукумат қарорлари билан қизиқди. Шундан сўнг, меҳмонлар шаҳар харитаси орқали унинг тарихий қисми, муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва уларнинг атрофлари билан танишди.
– Самарқанддаги тарихий обидалар бутун сайёра аҳолиси учун аҳамиятга эга ва биз уларни асрашда ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз, – дейди Эрик Хойберхтс. – Шу кунларда, меъёрий ҳужжатлар, мавжуд тарихий объектларнинг 3D форматдаги суратлари, тарихий ҳудуддаги бошқа бинолар билан танишяпмиз. Сизлардаги қоидаларга кўра шаҳарнинг тарихий қисмида қурилиши лозим бўлган биноларнинг баландлиги 8 метрдан ошмаслиги лозим экан. Аммо айни шу ҳудудда саноат корхоналари ҳам жойлашган. Бу масалада ҳокимлик билан батафсил фикр алмашамиз.
Йиғилишда Самарқанд шаҳар бош архитектори Ф.Мардонқулов ва шаҳар бош режаси лойиҳачиларидан бири – China Construktion Engineering Design Group Corporation Ltd профессори Сун Сяолун шаҳар бош режаси хусусида саволларга жавоб қайтарди.
Делегация ўз ишини бир ҳафта давом эттириб, шаҳар бош режаси бўйича фикр алмашишига келишиб олинди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги