Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
"Саноат Туризми" ёшлар орасида оммалашмоқда
2019-01-24 | Туризм
Саноат туризми бу бошқа йўналишларга қараганда нисбатан яқинда шаклланган сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланади. Шунга қарамасдан бугунги кунда дунё бўйлаб бу йўналишга қизиқаётган сайёҳлар сони тобора ортмоқда. Ушбу янги йўналишда ҳам сайёҳлар қизиқарли дам олиш билан бир қаторда, технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш хусусиятлари ва мутахассислар билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.
Саноат туризми йўналиши Ўзбекистонда ҳам жадал ривожланмоқда. Буни ўтган йиллар мобайнида Самарқанд, Жомбой ва Тайлак шаҳар ва туманлардаги йирик корхоналарга, жумладан, Ўзбекистон-Германия қўшма қўшма корхонаси “JV Man Auto-Uzbekistan”, “Uzautotrailer”, “Uzautotrailer-kamaz”, “Yasham Erkaplan Carpet”, “Samarqand Aziya Gilam”, “Samarkand-Bukhara Ipak Gilami”, “8 marta”, “Siyob saxovati”, “Agromuz”ларга ёшлар ва маҳаллий аҳоли ташрифларини амалга оширганидан ҳам билиш мумкин.
Жорий йилнинг 19 январь куни Самарқанд вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти масъул ходимлари томонидан Самарқанд шаҳридаги 17-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг бир гуруҳ талабаларига (жами 70 нафардан зиёд) “Яшам Эркаплан cарпет” МЧЖ бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Ишлаб чиқариш корхонасига ташриф буюрган ўқувчиларга корхона фаолияти уч тилда яни ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида таништирилди.
Куннинг иккинчи ярмида ёшлар Мирзо Улуғбек музей-расадхонасига ташрифни амалга ошириб, шаҳар тарихи ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлишди.
Маълумот учун: Вилоятда Саноат туризми йўналишини ривожлантириш бўйича ҳудудий департамент томонидан бундан кейин ҳам тизимли экскурсиялар ташкил этиш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги