Ён-атрофга осилган шоҳи сўзаналар, хонтахта атрофидаги юмшоқ кўрпачалар, дастурхондаги сурхонча тансиқ таомлар...
Инсоният тараққиёт сари илдамлаб бораётган бўлса-да, инсон қалби барибир оддийгина самимиятдан ҳаловат топади. Баъзан унга ривожланишнинг энг баланд чўққисини эгаллаган шаҳарнинг сершовқин муҳити, юлдузли меҳмонхоналаридан кўра четроқда жойлашган оддий ва тинч уй меҳмонхонаси афзал туюлади.
Зеро, бундай муҳитда нафақат осойишталик, балки одамийлик ҳукм суради. Бу билан катта меҳмонхоналар ёмон, дейиш, фикридан йироқмиз, албатта. Лекин хонадонларда ташкил этилаётган меҳмонхоналардаги “қулай уй муҳити” одамни ўзига оддийлиги, миллийлиги, самимийлиги билан ром этади.
Бундай меҳмонхонага бош суқсангиз, хонадон эгалари сизни азиз меҳмон билиб, тавозе билан кутиб олишининг ўзидан одам яйраб кетади. Бир сафар Бойсунда жойлашган шундай уй меҳмонхонага борганимизда шундай таассурот пайдо бўлди. Бетакрор тарихи, ўзига хослиги билан ажралиб турадиган Бойсунга монанд безатилган ҳовлидан илиқлик таралаётганга ўхшарди. Ён-атрофга осилган шоҳи сўзаналар, хонтахта атрофидаги юмшоқ кўрпачалар, дастурхондаги сурхонча тансиқ таомлар...
– Сурхон воҳаси ўзига хос сўлим табиати, хушманзара манзиллари ва бетакрор қадамжолари, қолаверса, бағрикенг ва меҳмондўст одамлари билан дунё сайёҳларини ўзига мафтун этиб келган. Туризмни янада ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли ҳозирги кунда вилоятимизда ҳам бу соҳа жадал ривожланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдусалом Хўжақулов.
Сурхондарёда экотуризм истиқболли ҳисобланади. Кўҳитанг, Бойсунтоғ ҳамда Ҳисор каби пурвиқор тоғлар билан ўралган Сариосиё, Денов, Олтинсой, Бойсун, Шеробод туманлари бетакрор табиати билан ажралиб туради. Ҳозирги кунда Шеробод, Бойсун, Сариосиё туманларидаги тоғ этакларида тоғ туризми кластерлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Кўҳитанг тоғлари этагида бунёд этилиши кўзда тутилган кластер таркибига қадим қадриятларга эга, табиати фусункор Шалқон қишлоғи, Хўжаикон туз кони ва сиҳатгоҳи, Шерободнинг сўлим анорзорлари киради. Бойсун тоғи кластерига эса машҳур Омонхона сиҳатгоҳи, Дарбанд қишлоғи, Зовбоши тоғли ҳудуди қамраб олинади.
Ҳудудининг катта қисмини тоғлар ташкил этувчи Сариосиё туманидаги тоғ туризми кластерига эса Сангардак қишлоғи ва бетакрор Сангардак шаршараси, Узун туманининг Хонжиза қишлоғи киради.
Ўтган йилда воҳага 90 дан ортиқ хорижий давлатлардан 28 минг нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Ички туризм йўналиши бўйича 53 мингга яқин юртдошларимиз серқуёш воҳани зиёрат қилди.
Айни пайтда 2019 йилда меҳмонхоналарни кўпайтириш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилган. Жорий йилда 1 минг 130 ўринга мўлжалланган 35 меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Шундан 25 тасида қурилиш ишлари бошланди. 2020 йилда мазкур меҳмонхоналар қурилиши ниҳоясига етгач меҳмонларни қабул қилиш сиғими 3 минг кишидан ошади.
Режадаги қиймати 256 миллиард сўмлик 103 истиқболли лойиҳа якунланиши мингга яқин янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
– Меҳмонхона бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда, – дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари дастурларни амалга оширишни мониторинг қилиш шўъбаси ходими Акмал Чоршанбиев. – Замонавий отеллар барпо этилиши билан бирга, ноанъанавий услубда иш олиб борувчи уй меҳмонхоналар тармоғи кенгайтирилмоқда. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, улар туристларга ҳудуд аҳолиси турмуши, урф-одатлари билан яқиндан танишиш, миллий муҳитда яшаш имконини беради.
Бугунги кунда, Бойсун туманида 20, Олтинсой туманида 10, Сариосиё туманида 18, Шеробод туманида 3, вилоят бўйича жами 51 аҳоли хонадони меҳмон уйларга айлантирилган. Шунингдек, Сариосиё туманида 4 ва Шеробод туманида 8 ана шундай аҳоли хонадонларини меҳмон уйларга айлантириш ишлари олиб борилмоқда ва бу жараён давом этади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан Халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларини қулай меҳмонхоналарга жойлаштириш мақсадида оилавий меҳмон уйларни ташкил қилиш кўлами кенгаймоқда.
Термиз шаҳри ва унга яқин бўлган Термиз тумани маҳаллаларида меҳмон уйлари ташкил этиш истагида бўлган 116 хонадон аниқланди ва уларга зарур кўмак кўрсатилаётир.
Бир сўз билан айтганда, вилоятда туризмни ривожлантириш учун юксак салоҳият мавжуд. Муқаддас қадамжолар, қадимий обидалар ва экотуристик манзиллар... Бундай туристик маҳсулотларни хориж бозорига чиқариш, табиий ва тарихий-маданий манзиллар бўйича янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқиш, туристик хизматлар сифатини янада яхшилаш давом эттирилади.
Ражабгул Муҳаммадиева, ЎзА
Манба: ЎзА