Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Қонун халқаро экспертлар муҳокамасида

2019-01-24 | Экология

Пойтахтимиздаги “Wyndham” меҳмонхонасида ўтказилган семинар Ўзбекистонда атроф-муҳитни стратегик баҳолашнинг замонавий тизими масалаларига бағишланди. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги филиали, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамкорлигида ҳамда Германия Атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги федерал вазирлиги молиявий кўмаги билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Ўктам Ўтаев, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси атроф-муҳит бўйича минтақавий маслаҳатчиси Сарангоо Раднаарагчаа ва бошқалар дунёда содир бўлаётган табиий ўзгаришлар нафақат атроф-муҳитни асраш, балки барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун тизимли чора-тадбирлар амалга оширишни талаб этаётганини алоҳида қайд этди. Шу маънода, мазкур тадбир ўтган йил июнь ойида Марказий Осиё халқаро экология форуми доирасида ўтказилган биринчи субрегионал семинарнинг мантиқий давоми бўлиб, унда атроф-муҳитга таъсирни трансчегаравий баҳолаш, хусусан, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш замонавий тизимини жорий этиш масалалари таҳлил этилди. 

– Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонуни 2000 йил 25 майда қабул қилинган, – деди Давлат экологик экспертизаси маркази бош мутахассиси Ғолиб Шукуров. – Бироқ иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларни халқаро, замонавий талабларга мослаштириш ва миллий экологик экспертизанинг салоҳиятини ошириш бугунги куннинг муҳим масалаларидан. Марказий Осиё халқаро экология форумида белгиланган вазифаларга мувофиқ, халқаро экспертлар бизнинг қонун ва қонуности ҳужжатларимизни ўрганиб чиқишмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса Эспо Конвенцияси ва Стратегик экологик баҳолаш далолатномаси тартибларига асосан атроф-муҳит, экологияга доир ҳужжатларни қайта ишлаб чиқиш ҳамда уларни халқаро талабларга мослаштиришдир. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси ҳамкорлигида, Швейцария, Германия ҳукуматлари молиявий кўмаги билан Эспо Конвенцияси ҳамда Стратегик экологик баҳолаш далолатномаси қоидаларига мувофиқлаштириш учун Ўзбекистоннинг атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш соҳасидаги қонунчилигини таҳлил қилиш бўйича қўшма лойиҳа ўз ишини бошлаган. Шунга асосан семинарда ҳуқуқшунослик соҳасидаги халқаро маслаҳатчи Андрей Андрусевич атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш, мамлакатимизда атроф-муҳитни стратегик баҳолаш тизими, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси бўйича тақриз тақдим этди. 

– Ўзбекистон Республикасида режалаштирилган иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизими етарли даражада самаралидир, – деди у. – У ўзига хос, ҳатто ноёб, деб айта оламан. Лекин халқаро стандартлар, инвесторлар ва бошқалар нуқтаи назаридан қаралса, бу тизим халқаро даражадан фарқлидир. Аниқроғи, бу собиқ совет давлатларидаги АМТБ экспертизаси тизими бўлиб, уни ташқи инвесторлар тушунмайди. Шу боис, биз бу борада бир неча бўшлиқларни бартараф этишни таклиф этяпмиз. Бу жараёнда асосий камчиликлар – шаффофлик ва жамоатчилик иштироки, шунингдек, қонун ҳужжатларидаги ноаниқликлар. Амалдаги қонунда инвесторларга тақдим этиладиган талаблар қонуний асосга эга эмас. Қонунлар етарли даражада батафсил ва аниқ бўлиши керак. Ташқи инвесторлар учун қонунчилик талабларининг амалиётга мос келиши ниҳоятда муҳимдир. 

Семинарда Ўзбекистонда стратегик экологик баҳолашнинг замонавий тизимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича якуний натижалар сарҳисоб қилинди. 

 

Насиба Зиёдуллаева, Асқар Ёқубов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться