Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Орол муаммосини биргаликда бартараф этамиз!

2019-01-23 | Экология

Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 11-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ўтказилган акция шундай номланди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши аъзолари, ҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмасининг “Ёшлар қаноти” фаоллари, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда табиатни асрашнинг долзарб масалалари, айниқса, Орол денгизи муаммолари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
 
Орол денгизи ҳудудининг қисқариб бориши, яъни экологик фожиа оқибатлари ўша макон билан чекланиб қолгани йўқ. У глобал муаммодир. Денгизнинг қуриб қолган тубида шамол таъсирида ҳар йили 100 миллион тонна туз ва қум ҳавога кўтарилиб, олис ҳудудларгача етиб бормоқда. Атроф-муҳитга, экин майдонларига зиён етказаётир. Табиийки, бундан Бухоро вилояти ҳудуди ҳам холи эмас.
 
– Президентимиз ўтган йил 28 декабрдаги Парламентга Мурожаатномасида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш доирасида денгизнинг сувсиз қолган ҳудудида яшил ўрмонлар барпо этиш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратди, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори Жаҳонгир Шарипов. – Бу тадбирлар давом эттирилиб, махсус дастурга мувофиқ 2019 йилда яна ярим миллион гектар майдонда ўрмонлар барпо этилади. Кенг кўламли бу иш ҳар биримиздан дахлдорлик туйғуси билан яшашни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, аҳоли, хусусан, ёш авлоднинг экологик онги ва масъулиятини оширишда очиқ мулоқотлар, давра суҳбатларининг ўрни катта.
 
Тадбир иштирокчилари, маҳалла фаоллари, мактаб-интернат ўқувчилари Оролда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш лойиҳасига ҳисса қўшиш мақсадида туманнинг чўл ҳудуди саксовулзорларидан 50 килограммдан зиёд уруғ йиғиб олишди.
 
Ана шундай экологик акция Когон туманидаги ихтисослаштирилган “Жайрон” экомарказида ҳам ўтказилди.
 
Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган жайрон ва бошқа ноёб жониворлар парвариш қилинаётган масканнинг катта қисми саксовулзорлардан иборат. Эзгулик ташаббуси қатнашчилари ва уларга ҳамкор Экомарказ ишчи-ходимлари ҳудуддан бир неча соат мобайнида 100 килограммдан зиёд уруғ териб олди.
 
Икки туманда ўтказилган акция иштирокчилари саъй-ҳаракати билан саҳро дарахтларидан йиғиб олинган жами 160 килограммдан ортиқ уруғ Орол денгизининг қуриган майдонида саксовулзорлар барпо қилиш учун етказиб берилади. Уруғ 32 гектар майдон учун етарли. Бу каби хайрли акциялар давомли бўлади.
 
Шунингдек, Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Экоҳаракат вилоят ҳудудий бўлинмаси вакиллари Мўйноқдаги иккита умумтаълим мактабига ташриф буюриб, экологияга оид китоблар тўпламини туҳфа қилишни режалаштирган.
 
Айтиш керакки, ҳозирги пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, жумладан, Бухоро вилоятидан ҳам жалб қилинган кўплаб техникалар ва ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари ишчи-мутахассислари Орол денгизининг қуриб қолган қисмини ўрмонлаштириш лойиҳасида иштирок этмоқда.
 

Эркин Ёдгоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться