Россиянинг Нижегород шаҳрида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказини ташкил этиш таклифи берилди
Хўш, бу таклиф қандай қабул қилинди?
2018 йилнинг 18-19 октябрь кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон ва Россия етакчи олийгоҳлари ташаббуси билан Ўзбекистон – Россия таълим форуми ўтказилган эди.
Мазкур форум доирасида Россиянинг Нижегород давлат лингвистика университети (НДЛУ) ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган эди. Куни кеча НДЛУ ректори Борис Жигалов ҳамда касбга йўналтириш маркази раҳбари, сиёсатшунослик фанлари номзоди Светлана Колобова университетга ташриф буюрди.
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, амалий ишлар салмоғини янада ошириш ва келгуси ўқув йилидан бошлаб туризм, таржима, халқ дипломатияси, социология соҳалари бўйича магистратура ва бакалавриатура йўналишларини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар билдирди. Қолаверса, Нижегород шаҳрида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказини ташкил этиш таклифи меҳмонлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ёш ва иқтидорли кадрлар НДЛУ аспирантурасида ўқиши учун имкон яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилди.
Олий таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик келгусида билимли, юксак салоҳиятли, ўз касбининг устаси бўлган кадрларни етиштиришда муҳим аҳамият касб этиши тарафдоримиз. Зеро, университет ректори таклиф этган туризм, таржима, халқ дипломатияси, социология соҳаларида мамлакатимизнинг малакали кадрларга эҳтиёжи бор.
Б.Мелиқулова, ЎзА
Манба: ЎзА