Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Германия қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ҳамкорлик қилади
2019-01-23 | Жамият
Германия пойтахти Берлинда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссияси ҳамда Германиянинг “Bundessortenamt” қишлоқ хўжалиги экинларини синаш федерал маркази билан ҳамкорликда икки мамлакат иқлимига мос юқори ҳосилли, сифатли навларни ишлаб чиқариш ҳамда бу борада икки мамлакат тажрибасини қўллаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссияси раиси ўринбосари Миржамшид Мурталибов қишлоқ хўжалик экинлари навларини синашда Германия билан ўрнатиладиган илк ҳамкорлик келажакда немис тажрибасини ўрганиш ҳамда уни юртимизда қўллашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Германия қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлигининг Миллий ва халқаро даражали мувофиқлаштириш маркази координатори доктор Стефан Хаффке Ўзбекистон билан бу йўналишда янги келишувга эришишга тайёр экани, келгусида ҳамкорликка оид меморандум имзоланиши кутилаётганини маълум қилди.
Маълумот учун, қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссияси 1937 йилда ташкил этилган бўлиб, барча экин навларини республикамизнинг турли иқлим-тупроқ шароитларида белгиланган услублар асосида холис синов ишларини олиб бориб, юқори ҳосилли, эртапишар, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, маҳсулот сифати юқори бўлган навларни танлаб олиб, ишлаб чиқаришга жорий этадиган ташкилотдир.
Манба: ЎзА