Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Андижон давлат унивeрситeтида Европа Иттифоқининг «Erasmus+» дастури билан ҳамкорликда янги замонавий лаборатория очилди
2019-01-23 | Фан
Андижон давлат университетида Европа Иттифоқи «Erasmus+» дастурининг «RENES: Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф - муҳит» мутахассислиги бўйича магистрлар дастурини ривожлантириш» мавзусидаги қўшма лойиҳаси доирасида Қайта тикланувчи энергия манбалари лабораторияси очилди.
Лабораторияга Германия, Италия, Испания ва бошқа ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган 42,7 минг евролик 30 турдаги лаборатория жиҳозлари ўрнатилди. Лойиҳа бош координатори этиб Акуила университети (Италия) профессори Анна Тотсси ҳамда миллий координатор сифатида университет профессори Райимжон Алиев тайинланди.
Қувонарли томони, лаборатория Европанинг 600 дан ортиқ нуфузли университетлари онлайн тарзда уланган Оксфорд университети Резерфорд лабораторияси микроэлектроника ва наноэлектроника қўллаб-қувватлаш марказининг europractic тизимига онлайн уланган. Андижон давлат университети Урганч давлат университетидан сўнг юртимизда мазкур тизимга уланган иккинчи олий таълим муассасасидир.
Лойиҳа доирасида университетда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб «Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф - муҳит» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Магистрантлар учун Европа стандартлари асосида «Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф - муҳит» мутахассислиги бўйича 12 та ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.
Қайта тикланувчи энергия манбалари лабораториясининг очилиш тадбирида Санкт-Петербург политехника университети, Ўш давлат университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари ҳамда маҳаллий олимлар, талабалар иштирок этишди.
Тақдимот якунида халқаро илмий ҳамкорликни ўрнатишдаги хизматлари учун Санкт-Петербург политехника университети профессори В.Н.Снетковга Андижон давлат университети фахрий профессори, Д.А.Мохоровга университетнинг фахрий доценти дипломлари топширилди.
Профессор В.Н.Снетков ушбу лаборатория, унда яратилган шароитлар нуфузли университетлар лабораториялари даражасида эканлигини, бу эса келажакда университетда иқтисодиёт ривожи учун муҳим ишланмаларни яратиш имконини беришини таъкидлади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқи «Erasmus+» дастури ҳамкорлигидаги ушбу лойига доирасида келгусида Гулистон ва Қарши давлат университетлари, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтида ҳам шундай лабораторияларни ташкил этиш кўзда тутилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги