Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзстандарт” агентлиги: қарор ижроси таъминланмоқда
2019-01-23 | Жамият
Миллий матбуот марказида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда унинг ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар учун аҳамиятига бағишлаб анжуман ўтказилди.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан ташкил этилган тадбирда мазкур қарор ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда тизимдаги лабораторияларни ривожлантириш ва улар фаолиятини халқаро талабларга мувофиқлаштиришга катта аҳамият қаратилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги тизимида 55 та синов ва қиёслов лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Бунда лабораториялар ишини такомиллаштиришда халқаро молия институтларининг грант маблағларини ўзлаштиришга эътибор қаратилган. Масалан, ўтган йиллар давомида Республика синов ва сертификатлаштириш маркази қошидаги озиқ-овқат маҳсулотларини синаш лабораториясида Жанубий Кореянинг KOICA дастури бўйича замонавий 3 дона синов ускунаси ўзлаштирилди. Шунингдек, айни чоғда лабораторияларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда халқаро молия институтлари маблағлари ва имтиёзли кредитларини жалб қилиш мақсадида Жаҳон банкидан 20,3 миллион доллар имтиёзли кредит олиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур қарор асосида “ Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги 9 та ҳудудий марказ қошида синов лабораториялари ҳамда 1 та янги замонавий халқаро талабларга тўла жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этилади. Уларга 400 га яқин замонавий синов ускунаси ўрнатиш кўзда тутилган.
– Қарорнинг 1-бандига асосан тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хом ашё, материал ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилиниши белгиланган, – деди “ Ўзстандарт” агентлиги матбуот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов. – Шунга кўра, бугунги кунга қадар 27 тадбиркорлик субъекти томонидан олиб келинган 96 турдаги маҳсулотлар (қишлоқ хўжалик техникаси, металл маҳсулотлари ва бошқалар) мажбурий мувофиқлик сертификатларидан озод этилди. Олиб кириладиган истеъмол маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш фақат агентлик тизимидаги сертификатлаштириш идоралари томонидан амалга оширилади. Масалан, шу кунга қадар республика ва ҳудудий сертификатлаштириш идоралари томонидан 390 дона мувофиқлик сертификати берилди. Бундан ташқари, ушбу даврда 6 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, яъни (кўк чой, макарон маҳсулотлари, музлатилган товуқ гўшти) қарийб 700 миллион сўмлик маҳсулотлар ёрлиқланиш ва сақланиш бўйича номувофиқ, деб топилди.
Тадбирда маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилинаётган давлатларда синов натижаларининг тан олинишини таъминлаш мақсадида агентлик томонидан синов лабораторияларини халқаро даражада аккредитациядан ўтказиш натижалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Манба: ЎзА