Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ректор ва талабалар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди
2019-01-22 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Бош вазир ўринбосари, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимовни «Ипак йўли» туризм халқаро университети ректори этиб тайинлаганди.
18 январь куни Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида янги тайинланган ректор билан университет талабалари ҳамда профессор-ўқитувчиларининг очиқ мулоқот тарзида учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Туризм давлат қўмитаси вакиллари, вилоят хокими ўринбосарлари,профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
- Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу университет олдига туризмни ривожлантириш бўйича малакали кадрлар тайёрлаш вазифаси қўйилган, - деди А.Абдуҳакимов. – Аввало, олийгоҳда дарс бераётган профессор-ўқитувчилар нуфузи, бу ерда тайёрланаётган мутахассислар савияси халқаро деган мақомга тўлиқ жавоб бериши лозим. Университет учун қурилаётган бино, жиҳоз, ахборот-коммуникацион тизим ҳам шунга мувофиқ бўлсин. Олийгоҳ раҳбарияти 20 га яқин хорижий сайёҳлик илмий муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Бундай муносабатлар ҳисобот учунгина эмас, реал иқтисодиётимизни таъминловчи юртимиздаги мавжуд зиёрат туризми, тоғ туризми, маънавий-маърифий туризм, экотуризм, этнотуризм тараққиётига хизмат қилсин. Оддий мисол, меҳмонхона менежери бизнесини пухта ўзлаштирган мутахассислар етишмаётган бир пайтда, меҳмонхоналар мутасаддиларининг барчаси ҳам амалиёт ўташ учун борган талабаларни қучоқ очиб кутиб олмаяпти. Бу борада хорижий тажрибаларни ўрганиш жуда муҳим. Университет талабаларининг хорижий мамлакатларда амалиёт ўташи учун ажратилган 30 фоизлик квота камлик қилади. Керак бўлса, ҳаммаси дунё кўрсин.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг мамлакатимиз туризм салоҳияти, кадрлар сифатини яхшилаш борасидаги ўнлаб фикрлари тингланди. Билдирилган таклифлар юзасидан тегишли ташкилотлар мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги