Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ҳудудларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш муҳим вазифа

2019-01-22 | Жамият

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз хонадон”, “Хавфсиз туризм” концепциялари амалга оширилаётгани ҳудудларда жамоат тартибини таъминлашга хизмат қилаётир. 

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда. 

Термизда мазкур қарор мазмун-моҳияти ва ижросига бағишлаб ўтказилган учрашувда бу алоҳида таъкидланди. 

Тадбирда Сурхондарё вилояти ИИБ қўриқлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник А.Рўзибоев, Термиз шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкати уюшмалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. 

Кейинги йилларда юртимизда давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини ишончли қўриқлашни таъминловчи янги тизим жорий этилмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилояти ички ишлар органлари қўриқлаш бўлимлари томонидан 1 минг 288 та халқ хўжалиги объекти, 1 минг 46 фуқаро хонадони қўриққа олинган. Соҳада замонавий қўриқлов технологияларидан самарали фойдаланилаётгани объектларни сифатли қўриқлаш ва назорат қилишга қулай имконият яратиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур қарор жисмоний ва юридик шахслар мулкининг қўриқланишини таъминлаш фаолияти самарадорлигини оширади. “Хавфсиз хонадон” концепцияси доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш орқали мулкка бўлган тажовузни профилактика қилиш, олдини олишга кўмаклашади. 2022 йил 31 декабрга қадар юртимизнинг барча ҳудудларида Тошкент шаҳрида амалга оширилган техник қўриқлаш ва ҳаракатланиш пунктларига хабарни узатиш ва марказлашган кузатувнинг автоматлаштирилган тизими босқичма-босқич жорий этилади. Жойларда “Qoʻriqlash Servis” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, қўриқланадиган объектларда ўрнатиладиган қўриқлов техник воситалари ва тизимларини монтаж, демонтаж қилиш, таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатацияси билан шуғулланади. 

– Қарорда жорий йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг уй-жойлари ва хонадонига қўриқлаш хизматини кўрсатиш мобайнида фойдаланишга бериладиган қўриқлов техник воситалари жиҳозларини ўрнатиш ҳамда бепул техник хизмат кўрсатиш белгилаб қўйилган, – дейди Термиз шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси қўриқлаш бўлими бошлиғи, капитан А.Тоиров. – Бу аҳолининг хизматимиздан фойдаланишга қизиқишини оширмоқда. Шунга мувофиқ, “Хавфсиз хонадон” концепцияси доирасида 200 дан ортиқ фуқаро хонадони қўриқлаш хизматининг техник қўриқлаш пунктига уланди. “Хавфсиз туризм” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги меҳмонхона, ресторан, кафе-бар ва бошқа субъектларга “ташвиш” тугмалари ўрнатиш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини бермоқда. Хорижлик сайёҳлар билан гавжум бўладиган меҳмонхона, ресторанларга “ташвиш” тугмаси ўрнатилиб, қўриқловга олинаётир. 

Маълумотларга кўра, айни пайтда Термиз шаҳридаги ижтимоий соҳа объектлари, жамоат жойлари, хизмат кўрсатиш иншоотлари, кўча, кўп қаватли уйлар ва бошқа давлат ҳамда хўжалик органларига 2 минг 663 видеокузатув воситаси ўрнатилган. Жорий йилда бу борадаги ишлар кўламининг янада кенгайтирилаётгани ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг олдини олишда яхши самара беради, албатта. 

Учрашувда қўриқлаш хизмати томонидан тунги пайтларда аниқланган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар акс этган видеороликлар намойиш этилди. Видеокузатув воситаларининг қулайликлари, хизмат нархи, сигнализация воситалари, сим ва бошқа зарур маҳсулотлар таъминотидаги имтиёзлар хусусида атрофлича фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди. 

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться