Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази делегацияси билан учрашув
2019-01-22 | Жамият
2019 йилнинг 19 январь куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги Элчихонасида мамлакатимиз Ёшлар иттифоқи кўмагида АҚШга келган Имконияти чекланган болалар ва ёшлар маркази делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
АҚШнинг ушбу соҳадаги муассасалари, жумладан эҳтимолий ҳомийлари ҳамда хайрия жамғармалари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор имконияти чекланган болаларни қўллаб қувватлаш бўйича АҚШнинг илғор тажрибасини ўрганиш заруриятига қаратилди. Америка Қўшма Штатларида йилига мамлакат федерал бюджетининг 4% ёки 140 млрд. доллардан кўпроқ маблағ имконияти чекланганларни ижтимоий қўллаб қувватлашга йўналтирилади. Бундан ташқари шахсий жамғармалар ва хайрия ташкилотлари ҳам йилига 250 млрд. АҚШ долларига яқин кўмак кўрсатади ва хорижий давлатларга кўрсатиладиган гуманитар ёрдам ҳажми (йилига 8 млрд. доллар) бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади.
Учрашувда эшитиш ва нутқ бузилиши мавжуд болалар учун сифатли таълим тизимини Ўзбекистонда ташкиллаштириш муаммоси алоҳида мавзу бўлди, бу эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йил ёзида Ўзбекистон карлар жамиятининг Кар-соқовлар маданият марказига ташрифи чоғида аҳолининг ижтимоий ночор қатламини қўллаб қувватлаш бўйича Ҳукуматнинг бош устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган эди.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга сафари дастури Сан-Антонио, Остин, Берлингтон ва Нью-Йорк каби Америка шаҳарларида мақсадли тренингларда иштирок этишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Марказ директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева бошчилигидаги мамлакатимиз вакиллари АҚШ томони билан қатор мақсадли учрашувлар ва музокаралар ўтказади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги