Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Солиқ ва прокуратура раҳбарлари жойларга чиққан ҳолда тадбиркорлар муаммоларини ҳал этмоқда
2019-01-21 | Жамият
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органларининг 220 нафардан зиёд малакали ходимлари ҳар куни жойларга чиққан ҳолда умумбелгиланган солиқ тўлови тартибига ўтаётган корхоналар раҳбар ва бош ҳисобчилари билан мулоқот ўтказмоқда. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилиши баробарида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушунтиришлар берилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Н.Турсунов, Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатов пойтахтнинг Юнусобод туманида фаолият юритаётган “Almerro Group” (Krember) масъулияти чекланган жамиятига қарашли ишлаб чиқариш корхонасида бўлиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Юзма-юз мулоқот жараёнида корхона раҳбари ҳамда ҳисобчисига қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш, тўлаш ҳамда ҳисоботларни топшириш тартиблари таққослама жадваллар асосида тушунтирилди.
Маълумот учун айтиш жоизки, Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан 2019 йилдан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича 92 та семинар-тренинг ўтказилиб, унда 10 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти қатнашди.
Семинарларда солиқ тўловчилардан тушган 2689 та саволга батафсил жавоблар берилди. Бундан ташқари, тарғибот тадбирлари давомида солиқ тўловчилар учун солиқ қонунчилигидаги янгиликларни акс эттирувчи 50 дан ортиқ плакатлар, 10 дан ортиқ видеоролик ва слайдлар тайёрланди. Шунингдек, 10 мингдан ортиқ буклет ва DVD дисклар тадбир иштирокчиларига тарқатилди.
Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни солиқ тўловчиларга тушунтириш ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ҳар бир туман давлат солиқ инспекциясининг “Телеграм” канали очилиб, унга аъзо бўлган 5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакилларининг шу кунгача келиб тушган 1397 та саволларига аниқ ва тезкор жавоблар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси