Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Франциянинг INSHEA институти Жиззах вилоятида ўз факультетларини очмоқчи
2019-01-18 | Таълим
Жиззах вилояти делегациясининг Францияга бўлаётган ташрифи давомида Франциянинг мувофиқлаштирилган таълим соҳасидаги Олий миллий таълим ва тадқиқот институтининг директори (INSHEA) Жозе Пьюго билан учрашуви ўтказилди.
INSHEA махсус таълим эҳтиёжларига ихтисосланган миллий давлат таълим ва тадқиқот муассасаси ҳисобланиб, у ногирон ва имкониятлари чегараланган кишиларга нисбатан давлат сиёсатини белгилаш ва амалга оширишда ёрдам беради.
Институт ҳамкорликка асосланган халқаро ҳамкорликни доимий равишда ривожлантириб келади. Бугунги кунда айниқса Осиё мамлакатларига нисбатан ҳамкорликнинг доираларини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
INSHEA раҳбарияти Марказий Осиёни “таълим марказига” айлантириш бўйича Ўзбекистоннинг ташаббусини ижобий баҳолади.
Француз томонининг фикрича INSHEAнинг дефектология ва психология факультетларини Жиззах ОТМларининг бирида очиш ва ушбу тор доирасидаги мутахассисларни тайёрлаш масаласини ўрганиш учун вақт келди.
Ж.Пьюг яқин вақтларда Жиззах Давлат педагогика институти билан ҳамкорлик бўйича келишувни имзолашга тайёр эканлигини билдирди.
Шунингдек, INSHEA вакиллари келажакда Самарқанд ва Тошкент педагогика институтлари билан шу каби ҳужжатларни қабул қилишга тайёр эканларини ҳам маълум қилишди.
Томонлар имзоланаётган ҳужжат Жиззах ОТМ талабаларига Европанинг «ERASMUS» таълим дастури доирасида Францияда ўқиш учун грантларни қўлга киритиш имконини беришини ҳам таъкидладилар.
Учрашув натижасида томонлар Жиззах институти делегациясининг 2019 йил февраль ойида Францияга ташриф буюришига келишиб олдилар.
Манба: Жиззах вилояти ҳокимлиги