Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навбатдаги сайёр ўқув йиғини Сурхондарёда ўтказилмоқда
2019-01-18 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти томонидан Жиззах вилоятида Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда барча туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари учун бошланган сайёр ўқув йиғинлари, эндиликда Сурхондарё вилоятида давом эттирилмоқда.
Машғулотлар вилоятнинг Жарқўрғон туманида жойлашган вазирликнинг Сурхондарё Академик лицейида соҳа ходимларини хизмат фаолиятидан ажратмаган ҳолда ўтказилмоқда.
Ўқув йиғинига жалб қилинган раҳбар ходимларга ички ишлар органларида хизматни тўғри ташкил қилишлари учун тизимдаги ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, жиноятларни олдини олиш ва фош этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан тегишли тавсиялар бериб борилмоқда.
Ўқув машғулотлари Институт профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирлик соҳавий хизматларининг тажрибали мутахассислари томонидан “Модуль” тизимига асосан ташкил этилиб, унда вазиятлар таҳлили, муаммолар ечими ва камчиликларни бартараф этишга оид билимлар инновацион педагогик технологиялар ёрдамида кенг ёритилмоқда.
Хусусан, “Кейс-стади”, “Ақлий ҳужум”, “Блиц-сўров” ва бошқа замонавий интерактив педагогик методлардан фойдаланиб, шаҳар ва туманлар кесимида ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг ечимлари бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Барча ўқув машғулотларида жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари мисолида уларни амалиётга жорий этиш усуллари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган профилактика инспекторларининг фаолиятини такомиллаштириш, аҳолининг тинчлигини таъминлаш, уларга узлуксиз хизмат кўрсатиш, шунингдек мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиб, ҳал этиш юзасидан зарур амалий тавсиялар берилди. Бунда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳамда жамоатчилик ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлигини тўғри ва самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув жараёнида тингловчилардан анкета сўровномасини ўтказиш асосида амалиётдаги мавжуд муаммо ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар олиниб, маҳаллий илғор тажрибалар ўрганилди ҳамда бошқа ҳудудларга уларни татбиқ этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, вилоят Ички ишлар бошқармасидаги Истиқболли ёш кадрлар заҳирасига киритилган ходимлар билан шахсий таркибни бошқариш, раҳбарлик қилиш ва ташкилотчилик қобилиятларини шакллантириш ҳамда уларнинг билимлари, касбий маҳоратлари ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги