Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Автотранспорт хизмати факт ва рақамларда
2019-01-18 | Иқтисодиёт
Кейинги йилларда автомобиль транспорти соҳасида олиб борилаётган институционал ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг мақсади - бу транспорт хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи устидан адолатли рақобатга асосланган автомобиль транспорти фаолиятини яхшилаш, ушбу секторга турли мулкий шаклдаги ташувчиларни жалб этишдир.
Республикада босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида нодавлат секторнинг йўловчилар ва юкларни ташишдаги улуши йил сайин ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда йўловчиларга автотранспорт хизматларини кўрсатишдаги улушининг деярли 100 фоизи ва юк ташишдаги улушининг 90 фоизи ушбу нодавлат сектор томонидан амалга оширилмоқда.
Ислоҳотлар самарадорлигини эса автомобиль транспорти фаолиятининг қуйидаги кўрсаткичларига қараб баҳолаш мумкин.
2018 йилнинг январь-декабрь ойлари якуни билан республиканинг барча автомобиль транспорти воситалари билан жами 790.0 млн. тонна юк ва 4 млрд. 312 млн. йўловчи ташилиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилнинг шу даврига нисбатан тегишли равишда 105.3 ва 102.4 фоизни ташкил этди.
Юк айланмаси 10 млрд. 216 млн. тонна км.ни (2017 йилга нисбатан 103.3 фоиз), йўловчилар айланмаси эса 91 млрд. 265 млн. йўловчи км.ни (2017 йилга нисбатан 102.7 фоиз) ташкил қилди.
Агарда автомобиль транспорти фаолиятининг охирги ўн йил (2008-2018 йиллар) давомидаги асосий кўрсаткичларини қиёсласак, унда 2018 йилда ташилган йўловчилар сони 2008 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,16 баробарга ва юк ташиш ҳажми 1,32 баробарга ўсган.
Юк ташиш жараёнини такомиллаштириш юзасидан аниқ тадбирлар кўрилганлиги натижасида, автотранспорт воситалари билан республикада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишда, қурилиш ва ободонлаштириш ҳамда нефть-газ комплекси қурилиши ишларида юкларини ташиш ҳажмлари ўсмоқда.
2018 йил якунига кўра, барча турдаги (темир йўл, ҳаво, қувур ва электр) транспортларда амалга оширилаган ташувлар ҳажмлари ичидаги автомобиль траспортининг улуши, йўловчи ташишда 98.4 фоизга ва йўловчи айланмасининг 90.0 фоизига тўғри келади. Ташилган юк ҳажми ва юк айланмаси бўйича автомобиль транспортининг солиштирма улуши эса тегишли равишда 88.3 ва 19.5 фоизга тенг.
Ўзбекистон Республикасида 2013 — 2018 йил автомобиль транспортида йўловчи ташиш ҳажми динамикаси 1-жадвал (ПДФ. 199кб)да;
Ўзбекистон Республикасида 2013 — 2018 йил автомобиль транспортида йўловчи айланмаси ҳажми динамикаси 2-жадвал(ПДФ, 227кб)да;
Ўзбекистон Республикасида 2012 — 2018 йил автомобиль транспортида юк ташиш ҳажми динамикаси 3-жадвал(ПДФ, 245кб)да;
Ўзбекистон Республикасида 2013 — 2018 йил автомобиль транспортида юк айланмаси ҳажми динамикаси 4-жадвал(ПДФ, 248кб)да келтирилган.
Мамлакатимизда асосан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган (“Джи Эм Ўзбекистон” ҚК, “Самавто” МЧЖ, “ЖВ МАН Ауто – Узбекистан” МЧЖ ҚК заводлари) ҳамда Россия, Беларус ва узоқ хориж мамлакатлари (Германия, Жанубий Корея, Хитой) заводлари томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар ишлатилмоқда. Айниқса кейинги пайтда ташувчилар ўз транспорт воситалари паркини янги ва замонавий уловлар билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Самарқанд автомобиль заводида замонавий автобуслар ҳамда катта ва кичик ҳажмли юк автомобиллари ишлаб чиқарилаётгани ташувчиларга жуда қўл келмоқда.
2000 йилда республика бўйича 2032 та йўловчилар ташиш йўналишлари фаолият кўрсатган бўлса, 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига йўналишлар сони 2363 тага ошиб, 4395 тани ташкил этди.
Автомобиль транспорти хизматлари бозорида рақобат мухитини шакиллантириш ва барча ташувчиларга тенг шароит яратиб бериш бўйича вилоят ва шаҳар ҳокимиятларидаги Комиссиялар ҳамда Агентлик қошидаги Идоралараро Комиссия томонидан йўловчи ташиш йўналишлари очиқ тендер танловлари орқали жойлаштирилмоқда.
2018 йил иш якуни билан республика бўйича жами 63 та очиқ тендер ўтказилган бўлиб, уларда 639 йўловчи ташиш бўйича йўналишлар жойлаштирилган. Шундан 63 та шаҳар ичидаги йўналишларни жойлаштириш бўйича 12 та тендер, 499 та шаҳар атрофи ва 55 та шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларни жойлаштириш бўйича 48 та тендер, 22 шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш бўйича 3 тендер ўтказилган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.
2019 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида автотранспортда йўловчи ташиш йўналишлари тизимининг ривожланиши jadval(.exel, 56.5kb) да акс этган.
Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган “ИСУЗУ“ русумли ва юмшоқ ўриндиқли автобусларини сотиб олиш ва йўналишларга бириктириш ишлари давом эттирилмоқда.
2018 йил мобайнида республика бўйича жами 94 та (шундан 78 таси “Исузу” русумли ҳамда 16 таси “Ютонг” ва “Голден Драгон” русумли автобуслар харид қилинди ва йўналишларга жойлаштирилди.
Автотранспорт хизматлари ва сервисни ривожлаништиришининг прогноз кўрсаткичларини бажариш, аҳолига, хусусан қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган автотранспорт хизматлари ва сервис даражаси ва сифатини ошириш доирасида йўналишли транспорт тармоғи ривожланмоқда, ҳисобот даврида кўзда тутилган 60 та йўналиш ўрнига 76 та (шундан 9 таси халқаро автобус йўналишлари) йўналишларнинг фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, корхона ёки тадбиркорлар томонидан йил давомида автовокзал ва автостанцияларни реконструкция қилиш, қуриш ва жихозлаш учун киритилган инвестициялар миқдори 12.3 млрд. сўмни ташкил этди.
2018 йил давомида Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан хўжалик юритувчи субъектларга 2919 та лицензия ва 158883 та лицензия варақалари берилди.
2019 йилнинг 1-январь ҳолатига лицензияланган автомобиллар сони 118992 тани ташкил этди.
Агар, автотранспорт соҳасида лицензиялашдан 2017 йил якуни билан 46.8 млрд. сўмлик давлат божи ундирилган бўлса, 2018 йилнинг шу даври мобайнида 60.6 млрд. сўмлик давлат божи ундирилди, ўсиш қарийиб 29.5 фоизни ташкил этди.
Ҳисобот даврида ҳудудий бошқармалар томонидан лицензия талаб ва шартларини бузганлиги учун 107 та корхоналарга тегишли 129 та лицензиянинг амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилган.
Шу билан бирга, суд қарорларига асосан 29 та ташкилотнинг 54 та лицензияси 10 иш кундан ортиқ муддатга тўхтатилган.
Меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ва институционал ўзгаришлар бўйича Агентлик томонидан 14 та норматив – ҳуқуқий ҳамда 8 та норматив ҳужжат ишлаб чиқилиб, амалга жорий этилган.
Шунингдек, 7 та норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, шундан 1 таси ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилган ва 6 таси тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун тақдим этилган.
Бундан ташқари, вазирлик ва давлат идоралари томонидан ишлаб чиқилган 46 та меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари экспертиза қилиниб, тегишли хулосалар берилган.
Агентликнинг «Автомобиль транспорти кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти» ДКда автомобиль транспортида ташишни ташкил этиш ва бошқарувчи раҳбар ходимларининг 897 нафари, йўл ҳаракат хавфсизлигига жавобгар масъул шахсларининг 28 нафари, Агентлик ҳудудий бошқармаларининг автотранспорт ташиш фаолиятини назорат қилувчи инспекторларнинг 359 нафари, автотранспортда ташиш билан шуғулланувчи тадбиркор ҳайдовчиларнинг 174 нафари, автотранспортда халқаро ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларнинг 1220 нафари ҳамда йўл ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлиги 30 соатлик дастури бўйича 3962 нафар ҳайдовчилар, жами 6640 нафар тингловчилар ўз малакаларини оширдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги