Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Чемпион спортчилар эндиликда имтиҳонсиз тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин
2019-01-17 | Спорт
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2018 йил 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда спорт фаолиятини якунлаган профессионал спортчиларни тренерлик фаолияти билан шуғулланишига кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш юзасидан муҳим топшириқлар берилган эди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 32-сонли қарори билан Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестация ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қарорга мувофиқ эндиликда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари мусобақаларининг ғолиб ва совриндор спортчиларига тегишли спорт федерацияларининг (уюшмалар) тавсиялари асосида спорт мактабларида тренер сифатида ишлашлари учун тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома берилади. Бунда, чемпионлар аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтказилмайди.
Шунингдек, умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларининг тавсиялари асосида спорт мактабларида тренер-инструктор сифатида ишлаш учун белгиланган тартибда тегишли рухсатнома берилади.
Рухсатнома олиш учун умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари аттестациянинг биринчи ва иккинчи босқичларидан ўтмайдилар.
Маълумот учун: Шу пайтгача, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндор спортчилари тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун рухсатнома эга бўлишлари учун 3 ва 6 ойлик махсус ўқув курсларини тамомлашлари керак эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги