Халқаро теннис федерацияси – ITF томонидан Сингапур ва Ҳиндистонда хотин-қизлар ўртасида теннис бўйича халқаро турнир ўтказилмоқда.
Мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Сабина Шарипова Сингапурда ўтаётган турнирнинг яккалик ва жуфтлик баҳсларини муваффақиятли бошлади. Сабина яккалик баҳсларида хитойлик Кай Лин Жангни 6:3, 6:4 ҳисобида мағлуб этди ва иккинчи даврада болгариялик Элитса Костовага қарши кортга чиқадиган бўлди.
Мусобақанинг жуфтлик баҳсларида эса С.Шарипова ҳиндистонлик Анкита Раина билан белгиялик Кимберил Циммерман ва Грит Минненга қарши кортга чиқди. Учрашувда ҳисоб 4:4 бўлиб турган бир вазиятда Кимберил ва Грит ўйинни давом эттирмаслигини эълон қилди ва мағлубиятни тан олди.
Истеъдодли теннисчимиз Севил Йўлдошева эса Ҳиндистонда ўсмирлар ўртасида ўтаётган мусобақанинг яккалик баҳсларида иккинчи даврага чиқди. Севил дастлабки босқичда мезбонлар вакили Арчита Маҳалвални 6:7, 6:1, 6:1 ҳисобида енгди. Энди теннисчимиз чорак финал йўлланмаси учун италиялик Федерика Саккони билан беллашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА