Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодий жиноятларнинг олди олинади
2019-01-16 | Жамият
Мамлакатимизда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш жараёнлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш консепцияси тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилояти бошқармаси томонидан «Солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида департамент органларнинг вазифалари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Департамент органлари ходимлари, солиқ идоралари мутахассислари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда асосий эътибор солиқ ислоҳотлари консепциясининг жойлардаги ижросини таъминлашда Департамент органлари ходимларининг фаоллигини ошириш, тадбиркорлар, инвесторларга ҳуқуқий ва амалий кўмак бериш, янги иш ўринлари яратиш орқали давлат бюджетига солиқ тўловларини ўз вақтида тушириш, ушбу йўналишда иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашишни янада мустаҳкамлаш ҳамда солиқ маъмурчилиги борасида кенг жамоатчиликнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилди.
-Бугунги тадбирни ташкил этишда кўзлаган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида янги солиқ сиёсати ижроси борасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда департамент органлари фаоллигини ошириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ базасини кенгайтириш, коррупция, “хуфёна” иқтисодиётга қарши курашиш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз ўсиб кетишини олдини олиш, валюта қимматликларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этиш, импортни қисқартириш ва ушбу турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш, экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Биргина ўтган 2018 йил давомида бошқарма томонидан 729 та тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ва амалий ёрдамлар кўрсатилиб, 750 та янги иш ўринлари яратилди. Жами 463 та ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 188 (та жиноятлар фош этилди, 275 та маъмурий ишлар юритилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 35 та жиноятлар, коррупция кўринишларига қарши 94 та жиноятлар фош этилди, - дейди Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси Ғайрат Султанов.
Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, 2019 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари пасайтирилди. Хусусан солиқнинг базавий ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизга туширилди.
Цемент (клинкер), полиетилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар ва мобил алоқа хизматлари кўрсатувчи корхоналар учун 20 фоиз ставка белгиланди. Бунда цемент (клинкер), полиетилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча фойда солиғи бекор қилинди ҳамда мобил алоқа хизматлари кўрсатувчи корхоналар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, рентабеллик даражаси 20 фоизгача 14 фоиз, ундан ошган қисмидан 50 фоиз ставкада солиқ солиш тартиби бекор қилинди.Дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан тўлов манбаида ундириладиган фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга пасайтирилди.
2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ консепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин.
Бугунги кунда мамлакатимизда солиқ ислоҳотларини тубдан такомиллаштириш борасида қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ҳам бир қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган интерактив тадбирда бу соҳада профилактика, қонунчилик тарғиботи ишларини кучайтириш, коррупция ҳолатларига барҳам беришга, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш ва улардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига барҳам бериш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқислик ва ажиатаж вужудга келтириш, шунингдек, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга қарши курашиш, солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Манба: Хоразм вилояти ҳокимлиги