Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлашга устувор аҳамият берилмоқда
2019-01-16 | Жамият
Жорий йилнинг 15 январь куни Халқаро ислом академиясида Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ижросининг бориши юзасидан мониторинг ўтказувчи ишчи гуруҳи ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг ҳамкорликдаги йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига давлат сиёсатининг ва халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Мамлакатимиздаги сиёсий тузум замонавий демократиянинг барча мезонларига тўлиқ жавоб беради.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотлар, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.
Парламентнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш устидан парламент назоратини амалга оширишдаги роли тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”ни) парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиёти йўлга қўйилди.
БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шахиднинг Ўзбекистонга ташрифи (2017 йил 2-12 октябрь) якунлари бўйича тавсияларни амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2018 йил 4 майда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, “Йўл харитаси” ижросининг бориши юзасидан мониторинг ўтказувчи ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Йиғилишда депутатлар, сенаторлар, вазирлик, идора, таълим муассасаларининг раҳбарлари, диний ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси – Ишчи гуруҳ раҳбари А.Саидов кириш сўзида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди ҳамда 2017-2018 йилларда виждон ва эътиқод эркинлиги борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” 52 та тадбирни ўз ичига олган бўлиб, улар асосан БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шахиднинг тавсияларини амалга оширишга қаратилгандир.
Мазкур тавсияларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон делегацияси (2018 йилнинг июль ойида Вашингтонда) АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилган конференцияда иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрдаги 72-сессиясидаги ташаббусига асосан, 2018 йил 12 декабрда БМТнинг “Диний маърифат ва диний бағрикенглик ҳақида”ги Резолюцияси қабул қилинди.
Натижада, АҚШ Давлат департаменти диний эркинлик соҳасида “алоҳида ташвишлантирувчи” мамлакатлар рўйхатидан Ўзбекистонни чиқарди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлар бўйича қўмита масъулларининг маълум қилишича, “Йўл харитаси” доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилган. Жумладан, Конфессия ишлари бўйича Кенгаш тўғрисида низом тасдиқланган. Жойларда ноисломий диний ташкилот вакиллари билан учрашувлар уюштирилган, 16 ноябрь “Халқаро бағрикенглик” куни муносабати билан тадбирлар ўтказилган, “Дунёвий давлат ва диний хилма-хиллик” мавзуларида 18 дан ортиқ ток-шоу, муносабат ва бошқа дастурлар эфирга узатилган.
Шундан сўнг, Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси”нинг ижроси ҳақида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган давлат божининг миқдори 5 бараварга қисқартирилган, диний ташкилотларнинг рўйхатга олувчи органларга фақатгина бир йилда бир маротаба ҳисобот бериши тартиби белгиланган.
Бундан ташқари, Ҳукуматнинг юқоридаги қарори билан рўйхатга олувчи органнинг диний ташкилотни тугатиш бўйича ваколати чиқариб ташланган.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиси Халқаро диний эркинликнинг муҳим масалалари бўйича Элчи С.Браунбэк раҳбарлигидаги АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 2018 йил сентябрда ўтказилган “Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусидаги давра суҳбатининг роли ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги диний таълим масаласида Норвегия, Дания, Нидерландия, Италия, Финляндия, Греция, Бельгия ва АҚШ тажрибасини ўрганиб чиққан. Бундан ташқари, виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати масалаларини тушунтириб берувчи босма ва видео-маҳсулотларни тайёрлаш борасида ишлар олиб борилган. Хусусан, 11-синф ўқувчилари учун мўлжалланган Дунё динлари тарихи дарслиги тайёрланган.
Шунингдек, бугунги кунда кенг аудитория учун “Иқрор”, “Манманликнинг сўнгги бекати” ва “Тафаккур эҳтиёжи” номли видео маҳсулотлар тайёрланган.
Халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев ўз чиқишида ўтган давр мобайнида диний эркинлик мавзусидаги тадқиқотлар соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилганини, “Мактабларда диний таълим: Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар мисолида” номли китоб тайёрланаётганини таъкидлаб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Юнусова Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси”ни амалга оширишда Ўзбекистон парламентининг ЕХҲТнинг ДИИҲ Бюроси билан ҳамкорлиги, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини муҳокама қилиш масалаларига тўхталди.
Йиғилишда Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси”нинг ижроси доирасида бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.
Журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Йиғилиш якуни бўйича Ишчи гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси