Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий хизматчиларга янги уйлар топширилди
2019-01-16 | Жамият
Андижон шаҳрида ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 120 хонадондан иборат 4 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фахрийлар, ёшлар иштирокида ўтган тадбирда айниқса, кейинги йилларда миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганига 27 йил тўлган 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунида Андижон шаҳрида 120 хонадондан иборат икки ва уч хонали шинам уйлар фойдаланишга топширилди. Бу ҳарбий хизматчилар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Янги уйларга кўчиб кирганлардан бири Пахтаобод тумани Себзор маҳалласида яшовчи сержант Дилмурод Тожибоев оиласидир. У 17 йилдан буён ҳарбий хизматда. Ҳозир Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат вазифасини ўтамоқда. Янги уй берилганидан у ҳам, турмуш ўртоғи Мавлудахон Тожибоева ҳам чексиз қувончда.
– Оиламизга 3 хонали янги уй ажратилганидан беҳад хурсандмиз, – дейди сержант Дилмурод Тожибоев. – Икки фарзандимиз бор. Янги йил оиламиз учун қувончли бошланди. Айниқса, Ватан ҳимоячилари кунида оиламизга янги уй берилиши биз учун қўшалоқ байрам бўлди.
Янги уйлар ҳудудида болалар майдончаси, савдо дўкони қад ростлагани ҳам одамларга катта қулайлик яратади.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА