Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси: соҳага оид қонунчилик такомиллаштирилади ҳамда замонавий бошқарув тизими жорий этилади
2019-01-15 | Соғлиқни сақлаш
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, пировардида энг улкан мақсад — одамларни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг ўтган йи 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим аҳамиятга эга. Фармон билан тасдиқланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури соҳа ривожида янги даврни бошлаб беради.
Ҳар қандай соҳада бўлгани каби соғлиқни сақлашни такомиллаштиришда ҳам миллий қонунчилик муҳим ўрин тутади. Шу маънода, тиббий хизмат сифатини ошириш ва беморлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг масъулияти ҳамда ҳимояланганлигини кучайтиришга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир қилувчи қонунларни қабул қилиш орқали тизимни такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.
Жаҳон стандартлари асосида менежмент ва тиббий хизматлар сифатини бошқаришнинг энг намунали амалиётларини жорий этишни таъминлайдиган замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантиришга алоҳида эътибор берилади. Тиббиёт ва фармацевтика муассасаларини аккредитация қилиш, шифокорлик ва фармацевтик фаолиятни лицензиялаш тизимини жорий этиш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Тиббиёт ташкилотларини мулк шаклидан қатъи назар, аккредитациядан ўтказиш тизимининг жорий этилиши барча тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларига, тиббий техника ва ускуналарига бўлган талабни бирхиллаштиради. Натижада у давлат тиббиёт муассасаси бўладими ёки хусусий ташкилот бўладими, талабга жавоб бермаса, ўз фаолиятини олиб бора олмайди. Фаолиятини тиклаш учун тиббиёт муассасаси томонидан ташланган ҳар бир қадам, бу сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сари ташланган бир қадам демакдир.
Соҳани молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун тўлаш тизимини ҳамда киши бошига молиялаштиришнинг янги механизмларини татбиқ қилиш устувор вазифа ҳисобланади. Мисол учун, авваллари 100 қатновга мўлжалланган поликлиникага қатнов сонига қараб маблағ ажратилган. Бироқ у ерда фаолият самараси қай даражада, маблағ тўғри йўналтириляптими каби саволлар билан унчалик қизиқмасдик. Янги тизимда эса аҳоли жон бошига қараб маблағ ажратилади ва поликлиника ҳисобида туради. Агар ўзига бириктирилган аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғини таъсирчан тарғиб этса, вақтида профилактика ишларини олиб бориб, аҳоли саломатлигини самарали ҳимоялай олса, аксарият маблағ поликлиникада қолади. Маблағни поликлиника ўз моддий-техник базасини ривожлантиришга, ходимларни рағбатлантиришга сарфлаши мумкин. Концепцияда акс этган ҳар бир устувор йўналишларда ана шундай натижадорликка эришиш мақсад қилинган.
Сайтимизни кузатиб боринг, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган яна кўплаб устувор вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида навбатдаги материалларимизда бериб борамиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги