Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Байрам олдидан янги уйлар топширилди
2019-01-15 | Жамият
Жорий йилнинг 14 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари оилалари учун Термиз шаҳридаги Ислом Каримов номли кўчада бунёд этилган кўп қаватли турар жой бинолари фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Республика Мудофаа вазирлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар тизими ходимларининг оила аъзолари учун яратилаётган бундай қулайликлар уларнинг жанговар ва интеллектуал тайёргарликда эришаётган муваффақиятларида муҳим омил бўлаётганини таъкидлашиб, уларга янги уйларнинг калитини топширдилар.
Дарҳақиқат, жами 28,5 млрд. сўм маблағ эвазига ҳар бири 5 қаватли, 30 хонадонли 7 та замонавий уй-жойлар оилаларининг фаровон ҳаёт кечириши учун барча зарур шароитлар билан таъминланган. Ҳовлидаги спорт майдончалари болажонларнинг қувноқ қий-чувлари билан тўлганидан уй бекалари ниҳоятда мамнун.
Меҳмонлар янги уйларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдилар. Санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг дилбар куй-қўшиқлари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Манба: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги