Ички ишлар органлари тизимида аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга ҳаракат қилинмоқда.
Ҳудудларда Ички ишлар вазирининг сайёр қабуллари ташкил қилиниб, муаммолар ҳудуднинг ўзида ўрганилмоқда. 2018 йилда 6 минг 200 дан зиёд фуқаролар билан учрашувлар ўтказилиб, 3 минг 504 нафар фуқароларнинг мурожаатларидаги масалалар ижобий ҳал этилди.
Шу билан бирга, 86 минг 523 нафар фуқаролар ички ишлар органларининг раҳбарлари томонидан шахсан қабул қилинган. Тизим бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг 393 минг 493 мурожаати кўриб чиқилди.
Интернет тармоқларида вазирлик, унинг соҳавий хизматлари ҳамда таркибий бўлинмаларининг веб-сайт, “facеbook”, “telegram” саҳифаларининг очилиши орқали фуқароларимиз ортиқча оворагарчилигининг олди олиниб, уларга ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан тезкорлик билан малакали маълумот олиш имконияти яратилди.
Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида, аҳоли гавжум бўлган жойларга ҳудудлардаги ички ишлар бўлинмалари раҳбарларининг телефон рақамлари мавжуд маълумотлар ўрнатилди.
Жамоатчилик ёрдамида аҳоли билан бевосита мулоқотнинг йўлга қўйилиши, секторларга жалб қилинган ходимлар томонидан фуқароларнинг муаммоларини улар мурожаат қилишидан олдин аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўрилгани натижасида мурожаатлар сони 127 мингтага камайган.
Шунингдек, Ички ишлар вазири ЎзА мухбири билан суҳбати давомида: “Биз интернет тармоқларини мунтазам равишда кузатиб бориб, ички ишлар ходимларига нисбатан билдирилган ҳар бир фикрнинг асослилигини текшириб, синчковлик билан ўрганамиз. Сафимизни нопок ходимлардан тозалашга қаратилган тадбирлар келгусида ҳам қатъиятлилик билан давом эттирилади”, деди вазир.
Н.Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА