Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
60 та хонадон ҳарбий хизматчи оилаларига топширилди
2019-01-15 | Жамият
Жиззах вилоятида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилди.
Жиззах шаҳридаги Хотира хиёбонида ҳарбий қисмларнинг тантанали саф намойиши бўлиб ўтди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар, нуронийлар, ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий округи таркибидаги ҳарбий қисмлар, алоҳида отлиқ кавалерия қисмлари ҳарбий оркестр садолари остида сафда ўтиб, мамлакатимиз Қуролли Кучлари жанговар салоҳиятини намойиш этди.
Байрам тадбирлари Жиззах шаҳри Иттифоқ маҳалласида қўшалоқ байрамга айланди. Бу ерда янги қуриб битказилган 5 қаватли замонавий уйнинг 60 хонадонига ҳарбий хизматчилар ва хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлганларнинг оилалари кўчиб ўтди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда иштирок этган Жиззах ҳарбий гарнизони, Марказий ҳарбий округ, ҳокимият ва қурилиш ташкилоти вакиллари, кенг жамоатчилик хонадонлар соҳибларини Ватан ҳимоячилари куни ва янги уй билан қутлади.
– Ватан ҳимоячилари кунида янги уйга кўчиб ўтганимиздан беҳад хурсандмиз, – дейди капитан Шуҳрат Усанов. – Уч хонали замонавий жиҳозланган уйда оиламиз учун барча қулайлик бор. Бу ғамхўрлик ва рағбатга содиқ хизмат қилиш билан жавоб қайтарамиз.
Тадбирларда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев сўзга чиқди.
Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат),ЎзА
Манба: ЎзА